“Мен таниган Ўзбекистон” китоби тақдим этилди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан туркиялик таниқли олим ва адиб Кемал Явуз Атаманнинг “Мен таниган Ўзбекистон” китоби нашр этилди. Асар Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилари жамияти ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Маърифат элчилари” лойиҳаси доирасида ўзбек ва турк тилларида тайёрланди.
Китобнинг тақдимот маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари, олимлар, академиклар, зиёлилар, ёзувчи ва таржимонлар, дипломатик корпус вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, умумий тарихий ва маънавий қадриятлар, Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар ҳамда “Маърифат элчилари” лойиҳаси доирасида нашр этилган мазкур китобнинг мамлакатимизни халқаро майдонда холис ва ҳаққоний танитишдаги аҳамияти ҳақида тўхталди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар умумий тарих, муштарак маънавий қадриятлар ва ўзаро ишонч тамойиллари асосида янги босқичга кўтарилмоқда. Бу жараёнда давлат раҳбарлари ўртасидаги яқин мулоқот, шунингдек, илмий-маърифий ҳамкорликнинг кенгайиб бораётгани муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
– Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар, бой тарихий ва маданий меросни асраш ҳамда тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли ишлар Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамламоқда. Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳам ушбу йўналишда қатор халқаро лойиҳаларни изчил амалга ошириб келмоқда, – деди Отабек Ҳасанов. – “Маърифат элчилари” лойиҳаси доирасида нашр этилган “Мен таниган Ўзбекистон” китоби юртимизни дунёга холис ва ҳаққоний танитиш, унинг бугунги тараққиётини халқаро жамоатчиликка етказишда муҳим манба ҳисобланади. Асар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маънавий яқинликни янада мустаҳкамлаш, илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги адабий ҳамда маънавий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганини, бундай ижодий ҳамкорлик халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбирнинг эътиборли воқеаларидан бири сифатида туркиялик олим ва адиб Кемал Явуз Атаман Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Бу эътироф унинг ўзбек халқи тарихи, маданияти ва маънавий меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш, шунингдек, икки қардош халқ ўртасидаги адабий-маданий алоқаларни ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик самарали фаолиятининг муносиб эътирофи бўлди.
[gallery-30777]
Муаллиф китобда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси, инсон қадрини улуғлашга қаратилган давлат сиёсати, ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳақида ўзининг холис кузатувлари ҳамда илмий хулосаларини баён этган.
Асарда муаллифнинг 1991 йилдан буён Ўзбекистонга амалга оширган сафарлари, турли ҳудудларда ўтказган илмий экспедициялари, архив ва тарихий манбалар асосидаги тадқиқотлари, шунингдек, давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, зиёлилар ҳамда оддий инсонлар билан учрашув ва мулоқотлари жамланган.
Китоб икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда Мовароуннаҳр цивилизацияси, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ва Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларнинг жаҳон цивилизациясидаги ўрни, буюк алломаларнинг бой илмий-маънавий мероси, ислом тамаддуни ривожига қўшган ҳиссаси, тасаввуф мактаблари ҳамда туркий халқлар ўртасидаги тарихий алоқалар кенг ёритилган.
Иккинчи қисм эса Янги Ўзбекистон тараққиёт моделига бағишланган бўлиб, унда давлат бошқаруви тизимидаги ислоҳотлар, иқтисодий либераллашув, инвестиция сиёсати, рақамли трансформация, таълим ва илм-фан соҳасидаги ўзгаришлар, ёшлар сиёсати, гендер тенглиги, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатнинг Марказий Осиёдаги интеграцион жараёнлар ва глобал сиёсатдаги иштироки илмий таҳлил қилинган.
Китоб ўзбек ва турк тилларида нашр этилган бўлиб, у икки қардош халқ ўртасидаги маданий-маърифий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро англашувни кучайтириш ҳамда Ўзбекистон ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни халқаро жамоатчиликка етказишга хизмат қилади.
– Мен бу юртга илк бор 1991 йилда келганман. Ўшандан буён Ўзбекистон мен учун бегона эмас, аксинча, қалбимга жуда яқин масканга айланди. Сизлар буюк тарих, улкан цивилизация ва бой маънавий мерос эгаси бўлган заминда яшаяпсизлар. Мен Алишер Навоий ижодини, жадидлар меросини, ўзбек халқи тарихи, адабиёти ва маданиятини чуқур ўргандим. Бу халқнинг маънавий бойлиги мени доимо илҳомлантириб келади, – деди Кемал Явуз Атаман.
Унинг таъкидлашича, “Мен таниган Ўзбекистон” китоби Янги Ўзбекистонга қилган сафарлари давомида кўрганлари, ҳис қилганлари ва англаганлари асосида яратилган.
– “Маърифат элчилари” лойиҳаси доирасида юртимизнинг муқаддас қадамжолари, тарихий обидалари ва диққатга сазовор масканларини зиёрат қилиб, Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти ҳамда халқнинг бунёдкорлик руҳига яқиндан гувоҳ бўлдим. Мазкур китоб орқали ана шу таассуротларимни ўқувчилар билан бўлишишни мақсад қилдим, – деди олим.
Кемал Явуз Атаман ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, самимийлиги ва юксак муомала маданияти унда чуқур таассурот қолдирганини ҳам алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, китоб икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва маънавий яқинликни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ҳақидаги холис тасаввурни халқаро жамоатчиликка етказишга хизмат қилади.
Тақдимот доирасида иштирокчилар китобнинг илмий аҳамияти, Ўзбекистоннинг бой тарихи, миллий-маънавий мероси ва бугунги тараққиёт йўлини хориж аудиториясига етказишдаги ўрни ҳақида фикр алмашдилар. Шунингдек, муаллифнинг Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги илмий, маданий ҳамда гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.
Кемал Явуз Атаман — ҳуқуқшунос, сиёсатшунос, шарқшунос олим, адиб ва жамоат арбоби. У глобаллашув, Мовароуннаҳр цивилизацияси, тасаввуф, навоийшунослик, туркий халқлар тарихи, маданияти ва цивилизациясига оид кўплаб илмий тадқиқотлар муаллифи ҳисобланади.
Олим кўп йиллардан буён Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни ривожлантириш, ўзбек мутафаккирлари ва олимларининг илмий меросини турк тилига таржима қилиш ва нашр этиш, қўшма илмий анжуманлар ҳамда маданий лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб келмоқда.
“Мен таниган Ўзбекистон” хорижлик олимнинг холис қарашлари асосида яратилган илмий-маърифий асар бўлиб, мамлакатимиз тарихи, маданий мероси, миллий қадриятлари ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни халқаро аудиторияга етказишга хизмат қилади. Асар, айниқса, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик, маданий дипломатия ва маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим манба сифатида аҳамият касб этади.
Назокат Усмонова, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА