Ўзбек тили равнақи – миллий тараққиёт омили
Она тилимиз ва унинг ривожи наинки 21 октябрь — Ўзбек тили байрами кунида, балки доимо эътибор марказида бўлиши долзарб аҳамиятга эга. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригини барча юртдошларимиз, айниқса, ижодкор-зиёлилар катта эътибор билан кутиб олди.
Мазкур табрик ўзбек тилини асраб-авайлаш, уни янада равнақ топтириш ва тарғиб қилиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш, олдимизда турган муҳим вазифаларни белгилашда алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Нодир Жонузоқ қуйидаги фикрларни билдирди:
– Президентимизнинг байрам табригини биргаликда катта ҳаяжон билан тингладик. Албатта, табрикдаги самимий дил сўзлари бизни қанчалик хурсанд қилган бўлса, зиммамизга юклатилган вазифаларнинг нақадар улкан, масъулиятли ва залворли эканини ҳам чуқур ҳис қилмоқдамиз. Шубҳасиз, барча масъуллар ва зиёли олимларимиз билан биргаликда Президентимиз табрикларида белгилаган вазифаларни тўла-тўкис адо этиш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Ўзбек тили байрамидек қутлуғ айём арафасида она тилимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимизни қувонтирган яна бир муҳим янгилик эълон қилинди. Она тилимиз ривожига бағишланган тантаналар бошланишидан бироз аввал ижтимоий тармоқлар ва расмий ахборот манбаларида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонун қабул қилингани ҳақида хабар тарқалди. Президентимиз ушбу қонунни айнан 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни имзоладилар.
Очиғи, бу масала ўттиз йил давомида зиёлилар даврасида кўп бор муҳокама қилинган, аммо кенг жамоатчилик муҳокамаси ва амалий ечим нуқтаи назаридан долзарблигича қолиб келаётган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали тадбирда илк бор ушбу масалани расмий даражага олиб чиқиб, алифбони такомиллаштириш вазифасини кун тартибига қўйган эдилар.
Шундан сўнг амалий ишлар бошланди. Ўтган давр мобайнида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари, шунингдек, мамлакатимиздаги бошқа етакчи университетлар мутахассислари ва турли соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, алифбо лойиҳаси устида иш олиб борилди.
Жараён давомида алифбонинг бешта лойиҳаси жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Мутахассислар, олимлар, туркшунослар, замонавий ахборот технологиялари соҳаси вакиллари ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари инобатга олиниб, лойиҳалар босқичма-босқич такомиллаштирилди. Ниҳоят, якуний лойиҳа жорий йилнинг 7 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан, 10 сентябрь куни эса Сенат томонидан маъқулланди.
Она тилининг тараққиёти жамиятнинг маънавий салоҳияти, миллий ўзлиги ва келажак авлод олдидаги масъулияти билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис, унинг бой имкониятларини намоён этиш, адабий меъёрларини такомиллаштириш ва кундалик ҳаётда қўлланиш доирасини кенгайтириш ҳар биримиздан эътибор ва масъулият талаб этади. Айниқса, таълим, илм-фан, давлат бошқаруви ва ахборот технологиялари соҳаларида ўзбек тилининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада изчил амалга ошириладиган чора-тадбирлар тилимизнинг замонавий тараққиёт талабларига мос равишда ривожланишига хизмат қилади.
Албатта, ушбу қонуннинг қабул қилиниши имло билан боғлиқ айрим муаммо ва чалкашликларни бартараф этиш, жумладан, ўзбек тилини рақамли дунёда кенг оммалаштириш йўлида учраётган тўсиқларни камайтириш учун янги имкониятлар яратади. Замонавий рақамли воситаларда ўзбек тилининг тўлақонли қўлланилиши унинг халқаро ахборот маконидаги ўрнини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бу жараёнда барча мутахассислар ва масъул идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бориб, белгиланган вазифаларнинг амалий ижросини таъминлашга ҳаракат қиламиз.
Ушбу қонунни ишлаб чиқиш жараёнида фаол иштирок этган барча олимларимиз, мутахассислар, кенг жамоатчилик вакиллари, депутатлар, шунингдек, қонун лойиҳасига бефарқ бўлмаган барча ўзбек тили жонкуярларининг меҳнатларини юксак қадрлаймиз ва ташаккур айтамиз.
Қонун ҳужжатида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан махсус чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Унда қонунни амалиётга жорий этиш, тегишли ташкилий чораларни кўриш ва белгиланган вазифаларни изчил амалга оширишга қаратилган ишлар назарда тутилади. Қонуннинг самарали ижроси нафақат масъул ташкилотлар, балки таълим муассасалари, илмий жамоатчилик ва кенг аҳоли ҳамкорлигига ҳам боғлиқ.
Фурсатдан фойдаланиб, тилимиз тарихидагина эмас, балки ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда ҳам муҳим ўрин тутадиган, бундан юз йил аввал жадид боболаримиз бошлаб берган хайрли ишнинг давом этишига хизмат қиладиган ушбу тарихий ҳужжатни имзолаганлари учун Президентимизга миннатдорлик билдирамиз. Ушбу тарихий қадам ўзбек тилининг замонавий тараққиёт талабларига мос равишда ривожланиши, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузи янада мустаҳкамланишига хизмат қилишига ишонамиз.
ЎзА мухбири
Н.Усмонова ёзиб олди.