Марказдаги болалар учун табиат қўйнида психологик-тренинг ўтказилди
Термиз шаҳридаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказидаги ўғил-қизлар учун турли психологик-профилактик тадбирлар ўтказилиб, уларнинг руҳий ҳолатини мустаҳкамлаш, салбий хулқ-атворнинг олдини олиш ҳамда жамиятга мослашувини таъминлашга кўмаклашилмоқда.
Сурхондарё вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходимлари бу сафар марказда сақланаётган вояга етмаганлар учун табиат қўйнида ўтказган психологик-тренинг машғулотлари ҳам фойдали лаҳзаларга бой бўлди.

Машғулот чоғида иштирокчиларнинг ҳиссий зўриқишини камайтириш, ўзига бўлган ишончини ошириш, мулоқот ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. “Мен ва менинг орзуим” танишув машқи орқали ёшлар ўз орзу мақсадлари ҳақида фикр юритиб, келажакка бўлган ишончини намоён этди. Ёшларнинг соғлом дунёқарашини шакллантириб, ижтимоий мослашувини кучайтиришга, жамиятнинг фаол аъзоси сифатида улғайишига туртки бўлди. “Ишонч кўприги” психологик машқи ва “Биргаликда мақсад сари” жамоавий ўйини уларнинг ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик ва масъулият ҳиссини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Машғулот якунида ўтказилган рефлекция жараёнида психологик-тренинг қатнашчилари табиат қўйнидаги тадбир таассуротлари ва ҳаётий хулосалари билан ўртоқлашди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири