Ўзбекистон делегацияси Баварияда дуал таълим тизими тажрибасини ўрганди
Ҳар қандай ҳамкорлик замирида ишонч ётади. Шу маънода мамлакатимизда барча соҳаларда йўлга қўйилаётган халқаро ҳамкорликлар сиёсатимиз ва ислоҳотларимизга бўлган улкан ишонч ифодасидир.
Ана шундай муҳим ҳамкорликларнинг изчил давоми ўлароқ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг муҳандислик олий таълим ташкилотлари ректорларидан иборат делегация Германияга ташриф буюрди.
Мазкур делегацияга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Илҳом Сирожев бошчилик қилди. Музокаралар доирасида Бавария федерал ҳудуди пойтахти Мюнҳен шаҳрида дуал таълим тизимини ўрганиш юзасидан қатор учрашувлар ўтказилди.
Делегация аъзолари Бавария иқтисодиёти ассоциацияси қошидаги Миллий иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар департаменти раҳбари ва бош директори Фолькер Ляйнвебе билан мулоқот қилиб, Германиянинг дунёда энг самарали ва амалиётга йўналтирилган таълим моделларидан бири ҳисобланган дуал таълим тизимининг ҳуқуқий асослари, бошқарув механизмлари ҳамда таълим сифати назорати бўйича тажрибасини ўрганди.

Учрашув давомида талабаларни бир вақтнинг ўзида таълим муассасасида назарий билимлар ва ишлаб чиқариш корхоналарида амалий кўникмалар билан таъминлаш, малакани баҳолаш ва сертификатлаш тизими ўрни, корхоналар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш механизмлари ҳамда ушбу моделни Ўзбекистон шароитига мослаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, таълим тизими кадрларини тайёрлаш ва сертификатлаш, таълим дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш ҳамда битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш бўйича Бавария тажрибаси юзасидан фикр алмашилди.
– Дуал таълим ёшларни замонавий меҳнат бозори талабларига мос равишда тайёрлаш, уларнинг касбий кўникмаларини ошириш ва бандлигини таъминлашнинг энг самарали воситаларидан биридир. Баварияда ўрганилган илғор тажрибаларни мамлакатимиз таълим тизимига босқичма-босқич жорий этиш устида ишлаймиз, – деди Илҳом Сирожев.
Учрашув якунида томонлар таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш ҳамда келгусида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Шербек Исломов, ЎзА