Маърифатли қизлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари
Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний: “Қизлар таълими – миллат таълимидир”, деб бежиз айтмаган. Чунки қиз болани ўқитиш, уни илмли ва юксак ахлоқли қилиб тарбиялаш – бутун бир оилани, демакки, келажак жамиятни мустаҳкам пойдевор узра барпо этиш демакдир.
Шунингдек, шарқ мутафаккири ва буюк адабиёт намояндаси Алишер Навоий ҳам аёл ва қизлар маърифати жамият маънавиятининг бебаҳо кўзгуси эканини алоҳида эътироф этган. Абу Наср Форобий эса фозил ва комил инсон тарбиясини жамият тараққиётининг энг муҳим омили сифатида талқин қилади. Унинг таълимотида ақл-заковат, юксак ахлоқ, илм ва эзгулик инсон камолотининг асосий мезонлари ҳисобланади. Бу бебаҳо қарашлар бугунги жадаллашиб бораётган замонда ва янгиланаётган Ўзбекистонда ёш авлод, хусусан, қизлар тарбиясида ва уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашда янада чуқур аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, биз юртимизда янги ҳаёт, янги жамият пойдеворини барпо этар эканмиз, бу жараёнда хотин-қизларимизнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг таълим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши учун барча имкониятларни яратишни энг устувор вазифамиз деб биламиз. Битта қизни ўқитсак, бутун оилани, бутун жамиятни ўқитган бўламиз.
Бугунги кунда Халқаро Нордик университетида талаба-қизларнинг интеллектуал, ижодий ва касбий салоҳиятини тизимли ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Университетда қизларнинг сифатли таълим олиши, ўз қобилият ва истеъдодларини пўлатдек ирода ва ишонч билан намоён этиши, замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаши, келажак касбини онгли танлаши ҳамда жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун кенг кўламли имкониятлар ва қулай шароитлар яратилган.

Айниқса, қизларнинг замонавий таълим талабларига мос равишда билим олиши, касбий компетенцияларини ошириши, лидерлик ва ташаббускорлик қобилиятларини шакллантириши, рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан самарали ва хавфсиз фойдаланиши борасида тизимли ишлар амага оширилмоқда. Бундай замонавий имкониятлар талаба-қизларни нафақат бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган етук мутахассис, балки келажакни яратувчи, янгиликка интилувчи ва ўз ғояларини ҳаётга дадил татбиқ эта оладиган фаол ва ташаббускор шахс сифатида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2011 йил 19 декабрдаги тегишли резолюциясига асосан, 11 октябрь бутун дунё бўйлаб “Халқаро қизлар куни” деб эълон қилинган. Ушбу айём дунёнинг турли мамлакатларида қизларнинг таълим олиши, ўз ҳуқуқ ва имкониятларини рўёбга чиқариши, жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш ҳамда келажакдаги салоҳиятини намоён этишига диққат-эътиборни қаратиш мақсадида кенг нишонланади.
Шу муносабат билан Халқаро Нордик университетида “Билимли қизлар – ёрқин келажак бунёдкорлари” мавзусида Халқаро қизлар кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирни Педагогика кафедраси мудири, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент Дилафруз Миралиева кириш сўзи билан очди ва аёллар таълимининг бугунги кундаги стратегик аҳамиятига тўхталди.
Ушбу маърифий учрашувда Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари — депутат ва тадбиркор Ирода Бердиева, шунингдек, жамоатчилик ҳамда санъат йўналишларида ушбу нуфузли Давлат мукофотини қўлга киритган Шаҳноза Саматова ҳамда Мадинабону Мамировалар иштирок этди. Улар ўз фаолияти, ҳаётий тажрибаси, эришган ютуқлари ва муваффақият сари босиб ўтган заҳматли ва шарафли йўллари ҳақида талаба-қизлар билан самимий, очиқ ва қизғин фикр алмашди.
Зулфияхоним қизларининг ҳаётий тажрибалари, касбий фаолиятидаги изланишлари ва эришган зафарлари университет талаба-қизлари учун ўзига хос руҳлантирувчи мотивация манбаига айланди. Суҳбат давомида муваффақият ҳеч қачон тасодифан келмаслиги бунинг учун мустаҳкам билим, ҳалол меҳнат, қатъият, доимий изланиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Аждодларимизнинг илм ва маърифатни инсон камолоти ва жамият фаровонлигининг муҳим асоси сифатида улуғлаган эзгу қарашлари бугунги ёшлар тарбиясида ҳам ўз аҳамиятини асло йўқотгани йўқ. Таълим олган, юксак дунёқарашга эга бўлган аёл – маърифатли жамиятнинг энг мустаҳкам устунидир.
Зеро, билимли, иқтидорли, ташаббускор ва ўз эзгу мақсадлари сари дадил интиладиган қизлар – миллатнинг ифтихори, оиланинг мустаҳкам таянчи, Янги Ўзбекистоннинг ва ёрқин келажагимизнинг енгилмас бунёдкорларидир.
Дилором Адилова,
Халқаро Нордик университети
Педагогика кафедраси доценти