Маънавият ва маданият синови: Самарқанддаги воқеа жиддий саволларни ўртага ташлади
Самарқанд — тарих, тамаддун, маърифат ва юксак маданият тимсоли. Регистон майдонига қараган инсон бу заминда асрлар давомида илм-фан, меъморчилик ва маънавият қандай юксалганини ҳис этади. Бу ерга келган ҳар бир меҳмон аждодларимиз қолдирган буюк меросдан ҳайратланади.
Аммо куни кеча Самарқандда юз берган бир воқеа ана шу улуғвор манзара қаршисида жамиятимиз учун нохуш саволларни ўртага ташлади. Дунёга машҳур блогер MrBeast — Жимми Дональдсоннинг Самарқандга ташрифи катта қизиқиш уйғотди. Уни кўриш, суратга тушиш истагида жуда кўп одамлар тўпланди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда оломоннинг блогер атрофини ўраб олиши, автомобиллар ортидан югуриши, ҳаракатланиш учун жой қолдирмаслиги акс этди. Хавфсизликни таъминлаш қийинлашгач, блогернинг ташрифи режалаштирилганидан эртароқ якунланди. Бу ҳақда қатор оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Шу ўринда бир савол туғилади: биз ўзимизни қандай тутишни унутдикми?
Машҳур инсонни кўришга қизиқиш — табиий ҳол. Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали улғайган авлод учун миллионлаб обуначиларга эга блогер билан юзма-юз келиш катта воқеа бўлиши мумкин. Ёшларнинг қизиқишини тушуниш керак. Аммо тушуниш — ҳар қандай хатти-ҳаракатни оқлаш дегани эмас.
Бир инсон билан суратга тушиш истаги қачон бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқини унутишга олиб келади? Қачон ҳавас ўзини назорат қила олмасликка айланади? Қачон шахсий қизиқиш жамоат хавфсизлигидан устун қўйилади? Афсуски, Самарқанддаги манзаралар шу саволларга жиддий қарашимиз лозимлигини кўрсатди.
Йиғилган одамлар орасида болалар ва ўсмирларнинг кўплиги, айримларининг автомобиллар ортидан югуриши, одамларнинг бир-бирини туртиб, хавфли вазиятларни юзага келтириши - жамоат жойида ўзини тутиш маданияти, хавфсизликка муносабат ва тарбиявий масъулият ҳақида ўйлашга мажбур қиладиган ҳолат.
Маданият фақат чиройли кийиниш, чет тилларида гапириш ёки замонавий технологиялардан фойдаланиш билан ўлчанмайди. Маданият — ўзгаларнинг ҳудудини ҳурмат қилиш, навбат кутиш, хавфни англаш, ўзини тийиш ва жамоат манфаатини шахсий хоҳишдан устун қўя билиш. Агар инсон ўз истагини қондириш учун бошқаларнинг хавфсизлигини унутса, унинг қанча замонавий гаджет ишлатиши ёки нечта блогерни таниши эмас, айнан шу пайтдаги хатти-ҳаракатлари унинг маданиятини намоён қилади.
Бугунги ёшлар ахборот оқимида яшамоқда. Улар дунёнинг исталган нуқтасидаги машҳур инсонни кузатиши, унинг ҳаёти, ютуқлари ва лойиҳаларидан хабардор бўлиши мумкин. Бунинг ижобий томонлари кўп. Интернет ёшларга билим олиш, янги касбларни ўрганиш, ўз истеъдодини намоён қилиш ва халқаро майдонга чиқиш имконини бермоқда.
Бироқ, масаланинг бошқа томони ҳам бор. Оммалашган ҳар қандай нарсани қадрият деб қабул қилиш, машҳурликни муваффақиятнинг ягона мезонига айлантириш, виртуал оламдаги қаҳрамонларга ҳаддан ташқари эргашиш хавфи. Нега айрим ёшлар миллионлаб одамлар кузатадиган блогерни кўриш учун соатлаб кутишга, ҳатто хавфли вазиятларга киришга тайёр, аммо китоб ўқиш, илм ўрганиш, касб эгаллаш ёки ўз маҳоратини ошириш учун шунчалик ғайрат кўрсатмаслиги керак?
Бу саволни қўйиш — ёшларнинг барчасини айблаш дегани эмас. Аксинча, уларнинг қизиқишлари қандай шаклланаётгани, нималарга интилаётгани ва биз уларга қандай намуна кўрсатаётганимиз ҳақида холис фикр юритиш демак. Чунки бугунги ўсмир эртага жамиятнинг фаол аъзоси, мутахассис, ота-она ва раҳбар бўлади. Унинг бугунги одатлари эртанги ижтимоий муҳитга таъсир кўрсатади.
Биз ёшларимиздан фақат интизом талаб қилиш билан чекланмаслигимиз керак. Уларда интизомнинг маъносини англаш, ўз ҳаракатининг оқибатини олдиндан кўра билиш, оммавий ҳаяжонга берилмаслик ва мустақил фикрлаш кўникмаларини ҳам шакллантиришимиз зарур. Воқеага фақат ёшларнинг одобсизлиги нуқтаи назаридан баҳо бериш масаланинг муҳим жиҳатларини четда қолдиради.
Йирик аудиторияга эга машҳур шахснинг ташрифи, айниқса, унинг қаерда бўлиши ҳақидаги хабарлар тез тарқаладиган шароитда олдиндан пухта тайёргарликни талаб қилади. Одамлар оқимини бошқариш, хавфсиз масофани белгилаш, транспорт ҳаракатини тартибга солиш, эҳтимолий тиқилинчларнинг олдини олиш ва жамоатчиликка аниқ ахборот бериш муҳим.
Шу сабабли Самарқанддаги воқеадан ташкилий хулосалар ҳам чиқарилиши лозим. Ташрифни мувофиқлаштиришда кимлар қандай вазифани бажаргани, хавфсизлик чоралари қай даражада етарли бўлгани ва бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун нималарни ўзгартириш кераклиги холис таҳлил этилиши мақсадга мувофиқ.
Болаларни назоратсиз қолдириш, уларнинг хавфли вазиятларга кириб боришига бепарво қараш ҳам жиддий муаммо. Фарзанднинг қаерга кетаётгани, ким билан юргани ва оммавий тадбирда ўзини қандай тутишига эътибор бериш — ота-онанинг муҳим масъулияти.
Демак, бу воқеа фақат бир гуруҳ ўсмирларни танқид қилиш учун эмас, балки оила, таълим муассасалари, ташкилотчилар ва жамоатчиликнинг умумий масъулиятини муҳокама қилиш учун ҳам асос бўла олади.
Самарқандга дунёнинг турли мамлакатларидан сайёҳлар тарихий обидаларни кўриш, аждодларимиз мероси билан танишиш ва ўзбек халқининг меҳмондўстлигини ҳис қилиш учун келади. Бу шаҳарнинг ҳар бир кўчаси, ҳар бир обидаси ўзбек халқининг маданий қиёфаси ҳақида тасаввур уйғотади.
Меҳмондўстлик — бебаҳо фазилат. Аммо меҳмондўстлик билан назоратсиз оломонни, самимий қизиқиш билан бошқаларга босим ўтказишни адаштирмаслигимиз керак. Меҳмонни ҳурмат қилиш — унинг атрофини ўраб олиш ёки йўлини тўсиш эмас, балки унинг хавфсизлигини, шахсий ҳудудини ва эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини ҳам ҳурмат қилишдир.
Агар биз тарихий шаҳримизга келган меҳмонни аждодларимиз мероси билан ҳайратлантиришни истасак, ўз хулқимиз билан ҳам намуна бўлишимиз шарт. Зеро, тарихий обидалар бизнинг ўтмишимизни кўрсатса, жамоат жойларидаги хатти-ҳаракатларимиз бугунги маънавий қиёфамизни намоён этади.
MrBeast ташрифи Ўзбекистонни халқаро аудиторияга танитиш учун катта имконият бўлиши мумкин эди. Бироқ, ташриф атрофидаги тартибсизликлар ана шу имкониятдан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳолатдан афсусланишнинг ўзи кифоя эмас. Муҳими, келгусида бундай вазиятларда зарур ташкилий ва маънавий тайёргарликни кучайтириш.
Ёшларнинг қизиқишларини тақиқлаш, уларни замонавий дунёдан узиб қўйиш билан муаммони ҳал этиб бўлмайди. Машҳур блогерни таниш, унинг ижодидан завқланиш айб эмас. Аммо машҳурликка кўр-кўрона эргашиш, ўз хавфсизлиги ва ўзгаларнинг ҳуқуқларини унутиш, омманинг ҳаракатига онгсиз равишда қўшилиш — жиддий мулоҳаза талаб қиладиган ҳолат.
Мактабда одоб-ахлоқ ҳақидаги суҳбатлар ҳаётдан узилган насиҳат бўлиб қолмаслиги керак. Оилада эса тарбия фақат «бундай қилма» деган буйруқлар билан чекланмаслиги лозим. Болаларга жамоат жойида ўзини тутиш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш, ахборотни танқидий баҳолаш ва бошқаларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш амалий мисоллар орқали ўргатилиши зарур.
Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар ҳам бу каби воқеаларни шунчаки шов-шувли видеолар сифатида тарқатиш билан чекланмасдан, уларнинг сабаблари ва сабоқларини муҳокама қилишга ҳисса қўшиши керак. Энг муҳими, ёшларга муносиб намуна кўрсатишимиз шарт. Катталарнинг ўзи қоидаларга амал қилмаса, ўзгаларни ҳурмат қилмаса, жамоат мулкига бепарво бўлса, ёшлардан юксак маданият кутиш қийин.
Самарқанддаги воқеа биз учун нохуш таассурот қолдирган бўлиши мумкин. Аммо бу ҳодиса жамиятимиздаги айрим муаммоларни кўриш, уларни очиқ муҳокама қилиш ва бартараф этиш учун сабоқ бўлиши лозим. Бизга дунёнинг машҳур блогерлари келиши, мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига халқаро эътибор қаратилиши керак. Лекин бундай эътиборга муносиб бўлиш учун фақат гўзал обидалар, замонавий бинолар ва кенг кўчаларнинг ўзи етарли эмас. Юксак маданиятли инсонлар, пухта ташкилотчилик ва жамоат масъулияти ҳам зарур.
Зеро, миллатнинг обрўси фақат унинг тарихида эмас, бугунги хулқида ҳам намоён бўлади. Регистоннинг салобати, Амир Темур ва Мирзо Улуғбеклар номини ифтихор билан тилга олишимиз бизнинг зиммамизга муайян маънавий масъулият юклайди.
Бир савол туғилади: биз фарзандларимизга фақат машҳур бўлишни ўргатяпмизми ёки машҳурликдан ҳам устун турадиган инсонийлик, одоб ва масъулиятни ҳам сингдиряпмизми?Бу саволга жавобни баландпарвоз шиорлардан эмас, ҳар кунги тарбиямиздан, жамоат жойларидаги хатти-ҳаракатларимиздан ва ёшларимизга кўрсатаётган намунамиздан излашимиз лозим.
Нурилло Насриев,
ЎзА