Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадидлар ҳаракатида илм-фан, таълим-тарбия масалалари
Президентимизнинг 2024 йил 27 декабрдаги “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарорига кўра “University of Business and Science” олий таълим ташкилотининг Тошкент шаҳар филиали томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи билан ҳамкорликда “Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадидлар ҳаракатида илм-фан, таълим ва тарбия масалалари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Конференция миллий маънавий-маърифий меросимизнинг йирик намояндаси, жадидчилик ҳаракатининг асосчиларидан бири бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бой илмий, педагогик ва ижтимоий фаолиятини чуқур ўрганиш, шунингдек, жадидлар ҳаракатида илм-фан, таълим ва тарбия масалаларига берилган эътиборни таҳлил қилишга қаратилган.
Aнжуманда профессор-ўқитувчилар, докторант ва мустақил изланувчилар, магистратура ва бакалавриат талабалари илмий мақола ва тезислари билан иштирок этди.
“University of Business and Science” олий таълим ташкилотининг Тошкент шаҳар филиали Кузатув кенгаши раиси Элёржон Жумаев, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи экспозиция бошлиғи, тарихчи олима Азизахон Аҳророва, Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, адабиётшунос олимлар Нурбой Жабборов, Ҳамидулла Болтабоев, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг ўринбосари, атоқли тарихчи олима, фан доктори Дилноза Жамолова ва бошқалар жадидчилик ҳаракатини ўрганиш, бу борада илмий тадқиқотлар олиб бориш Президент Шавкат Мирзиёев томонидан асос солинган маърифий янгиланишларга оид ислоҳотларда устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
– Қатағон қурбонлари хотирасига бағишлаб барпо этилган ушбу муаззам мажмуа шунчаки оддий маскан эмас, – деди Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи экспозиция бошлиғи, тарихчи олима Азизахон Аҳророва. – Бу ерда минглаб инсонлар беайб маҳв этилган. Шу сабабли шаҳидлар хотирасига атаб барпо этилган ушбу маскан табаррук гўшалардан саналади. Кейинги йилларда юртимизда жадидлар ҳаракати, сиёсий қатағонлар тарихини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса ёш авлоднинг мустақилликнинг қадрига етишида алоҳида аҳамият касб этади.
– Маҳмудхўжа Беҳбудий бутун Марказий Осиё, Шарқ ва туркий дунёда катта ва ўчмас из қолдирган, миллатнинг келажаги ва тақдири ҳақида тинимсиз қайғурган сиймодир, – деди Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. – Миллатга нажот йўлини кўрсатиб берган бу зотга ижтимоий фаолликда, билимда, интилиш ва мақсад-муддаоларининг буюклигида тенг келадиган шахснинг ўзи йўқ эди.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида улуғ аллома, миллат фидойиси Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодини ўрганиш учун кенг имкониятлар очилди, – деди Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директорининг ўринбосари, профессор, фан доктори, таниқли тарихчи олима Дилноза Жамолова. – Беҳбудийнинг қарашлари таълим-тарбия, театр, матбуот, миллий қадриятларимиз моҳиятини тўғри тушуниш, миллий мустақиллигимизга оид қимматли ва долзарб фикрларга жуда бойдир. Бу эса кўплаб янгидан янги илмий тадқиқотларга асос бўлади.
Анжуманда “Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижоди, унинг илмий-сиёсий фаолияти”, “Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларининг ёш авлодни интеллектуал ва маънавий салоҳиятини оширишдаги ўрни”, “Туркистон маърифатпарварларининг ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маърифий ва ҳуқуқий-ахлоқий қарашлари” каби шўъбалар асосида иш олиб борилди.
Ушбу конференция орқали ёшларга миллий ўзликни англаш, маънавий меросга ҳурмат, илм-фан ва замонавий таълимнинг аҳамиятини етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, конференция тарих, педагогика, адабиёт ва социология каби йўналишларда мутахассисларнинг фикр алмашиш майдонини яратишга, Беҳбудий мероси бўйича янги илмий изланишлар тақдимоти ва таҳлилига, таълим ва тарбия тизимига оид долзарб масалаларга амалий ёндашувлар муҳокамасига, талаба ва ёш тадқиқотчилар учун ўз илмий қарашларини намойиш этишга ва илмий доиралар, таълим муассасалари ва мутахассислар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга замин яратади.
Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида мамлакатимиз олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи етакчи марказга айлантириш бўйича алоҳида вазифалар белгиланган.
Бу борада “University of Business and Science” олий таълим ташкилотининг Тошкент шаҳар филиали томонидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, университет профессор-ўқитувчиларининг катта қисми юқори илмий даражага эга. Улар томонидан халқаро журналлар ва конференцияларда илмий изланишлар фаол тақдим этилмоқда. 2024 йилнинг ўзида 15 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчининг дарсликлари, ўқув қўлланмаларига вазирлик томонидан чоп этиш рухсатномаси тақдим қилинган бўлиб, 2025 йилга келиб ушбу рақамлар икки баробарга ошган.
Илмий ишлар учун бугунги кунда мамлакатимиз учун долзарб мавзуларни танлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Университетда талабаларни илмга йўналтириш, тадқиқотчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида AҚШ, Корея, Германия, Туркия, Россия, Малайзия, Индонезия, Сингапур каби ривожланган давлатлар қаторида Қозоғистон, Қирғизистон каби қардош мамлакатлардаги етакчи университетлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Буюк жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти, илмий меросига бағишланган бундай конференциялар нафақат тарихий меросни англаш, балки замонавий таълим ва тарбияни такомиллаштириш йўлида муҳим илмий платформа вазифасини ўтайди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири.