Маҳаллий кенгашлар томонидан назорат-таҳлил ишларини самарали ташкил этишга эътибор қаратилади
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев маҳаллий кенгашлар билан боғлиқ долзарб вазифаларга эътибор қаратиб, намунали кенгашларнинг тажрибасини жорий этиш зарурлигини таъкидлаган. Кенгаш сўрови ва текшируви каби янги механизмларни жорий этиш орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назоратни янада кучайтиришга эришиш вазифасини қўйган.
Шу мақсадда Сенатнинг Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази томонидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари учун семинарлар ташкил этилмоқда.
Набатдаги тадбирда маҳаллий кенгашлар котибияти мудирлари, доимий комиссиялар раислари, намунали деб топилган туман (шаҳар) кенгашлари депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинар давомида маҳаллий кенгашлар томонидан кенгаш сўровини тайёрлаш ва юбориш тартиби, унинг мазмуни ҳамда тузилишига қўйиладиган талаблар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Хусусан, туман ва шаҳар кенгашлари сўровлари тегишли давлат органлари ҳамда ташкилотларининг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахсларига, вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашлари сўровлари эса тегишли равишда вилоят даражасидаги тузилмалар раҳбарларига юборилиши қайд этилди. Кенгаш сўровининг ҳуқуқий асослари, уни расмийлаштириш тартиби ҳамда амалий жиҳатлари батафсил тушунтирилди.
2025 - 2026 йиллар давомида маҳаллий кенгашлар томонидан ҳудудий давлат органлари ва ташкилотларига юборилган кенгаш сўровлари таҳлил қилинди. Унга кўра, ўтган даврда жами 4 та кенгаш сўрови юборилган бўлиб, уларнинг 3 таси вилоят кенгашлари, 1 таси эса туман кенгаши ҳиссасига тўғри келади.
Мазкур сўровлар орқали қонуний савдо фаолиятини ташкил этиш, ахборот-кутубхона фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудий инфратузилмани яхшилаш ҳамда таълим муассасаларини реконструкция қилиш каби долзарб масалалар кўтарилган.
Семинарда маҳаллий кенгашлар томонидан назорат-таҳлил ишларини самарали ташкил этиш, кенгаш ва депутат сўрови институтларидан унумли фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, маҳаллий кенгашлар фаолиятини намунали ташкил этишда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Соҳа мутахассислари томонидан ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида учраётган муаммолар мисолида амалий тавсиялар берилди.
Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА