Ибратли ҳарбийлар оиласи республика босқичига боради
Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармасида Халқаро оила куни муносабати билан “Янги Ўзбекистоннинг ибратли ҳарбийлар оиласи” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирок этиб, оилаларнинг ижодий ёндашуви, тарбиявий муҳити ва жамоавий ҳамжиҳатлигини баҳоладилар.

Кўрик-танлов 5 та асосий шарт асосида ташкил этилди. Биринчи шартда иштирокчи оилалар ижодий чиқишлар орқали оилавий қадриятлар, ватанпарварлик ва ҳарбий хизматчининг оиласидаги масъулиятини акс эттирувчи саҳна кўринишларини намойиш этдилар. Иккинчи шартда эса “Биз — бир оила” мавзусида видеотақдимотлар орқали оиланинг кундалик ҳаёти, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳити ёритилди.

Учинчи шарт савол-жавоб тарзида ўтказилиб, иштирокчилар оилавий тарбия, миллий қадриятлар ва ҳуқуқий саводхонлик бўйича билимларини синовдан ўтказдилар. Тўртинчи шартда миллий урф-одатлар ва анъаналарни акс эттирувчи чиқишлар намойиш этилди. Бешинчи босқич эса эркин ижодий чиқишлар бўлиб, унда оилалар ўз иқтидор ва истеъдодларини турли шаклларда намоён этдилар.

Қизғин беллашувлар давомида ҳар бир оила ўзининг бирдамлиги, ижодкорлиги ва тарбиявий муҳитининг кучли эканини кўрсатди. Ҳакамлар ҳайъати баҳолаш жараёнида айнан шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди.

Якуний натижаларга кўра, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Иномжон Қушаков оиласи энг юқори натижани қайд этиб, ғолибликни қўлга киритди ва танловнинг республика босқичига йўлланмани олди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири