Маҳалла банкирларининг иш услуби ҳам тубдан ўзгариши белгиланди
Жойларда яхши тажрибалар бор. Масалан, Ангор тумани Янгиобод маҳалласидаги 2 километр зовур усти ёпилиб, 110 та сервис объекти ишга туширилди. Натижада маҳалла атрофида яшайдиган 1 минг 225 нафар одам ишли ва даромадли бўлди.
Арнасой туманидаги Бахтли маҳалласининг банкири 20 та хонадонга 50 миллион сўмдан кредит ажратиб, меҳмон уйларини ишга туширди. Ҳар бир хонадон бир мавсумда 100 миллион сўмгача даромад олмоқда. Иш юриб кетгани учун яна 80 та оила шундай меҳмон уйлари ташкил қилишга киришди.
Энди банклар ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”ни аниқлаб, ташаббускорларни топиши ва даромадли лойиҳаларни кўпайтириши зарур. Бундан буён битта маҳалла банкирига кўпи билан учта маҳалла бириктирилади.
Икки ҳафтада ташаббускор, замонавий фикрлайдиган олийгоҳ битирувчилари ва ёш мутахассислар орасидан 400 нафар янги маҳалла банкири танлаб олинади. Улар бир ой давомида намунали маҳаллаларга олиб борилиб, тажриба ўрганади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
ЎзА