Маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича яратилган тизим ўз натижасини бераётгани қайд этилди
Сўнгги уч йилда криминоген вазияти оғир бўлган 1 минг 162 та маҳалланинг 571 тасида бу йил бирорта жиноят содир этилмади.
Бунга видеокамералар ўрнатилиб, хавфсиз кўча ва йўлаклар ташкил қилингани, аҳоли муаммолари илмий асосда ҳал этилгани, оилаларга психологик ёрдам кўрсатилгани натижасида эришилди.
Жиноятчиликни жиловлашга масъул илмий ташкилотлар билан бирга намунали маҳаллалар тажрибаси асосида методика ишлаб чиқилади. Йил давомида “қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллалар профилактика инспекторлари ушбу методика бўйича жойига бориб ўқитилади.
Наманган вилоятида профилактика инспекторларига ёнкамералар берилиб, планшетларига интеграция қилинган тажриба ҳам ижобий натижа берган. Бу орқали фуқаролар шахсини аниқлаш, маъмурий баённома тўлдириш ва судга материал юбориш автоматлашган.
Натижада профилактика инспекторларининг иш юкламаси қисқариб, айрим маҳаллаларда жиноятлар 10 тадан 5 тага камайган. Мазкур тажрибани йил якунигача Наманган вилоятида тўлиқ, қолган ҳудудларда эса криминоген вазияти оғир бўлган 448 та маҳаллада йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
ЎзА