“Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси
Сирдарё вилоятида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслар янги босқичга кўтарилди. Хусусан, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан Тошкент кимё-технологиялари институти Янгиер филиалида ташкил этилган “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси бу жараёнда муҳим нуқта бўлди.

Лойиҳа давомида ёшлар ўз инновацион ғоялари ва стартап лойиҳаларини тақдим этиб, амалдаги тадбиркорлик жараёнлари билан танишдилар. Жамланма маълумотларга кўра, 150 нафардан ортиқ талабалар ва ёшлар тадбирда қатнашди, 20 дан зиёд стартап лойиҳалар муҳокама қилинди ва 10 га яқин истиқболли ғоялар саралаб олинди. Энг фаол беш ёшлар жамоаси эса амалий молиявий ва менторлик кўмагига эга бўлди.

Айни вақтда эътиборга молик жиҳат шундаки, иштирокчиларнинг қарийб 65 фоизи олдин тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаган ёшлар эди. Улар асосан кимё ва технология соҳасида инновацион ишланмалар, экология ва IT ечимлар, рақамли хизматлар ҳамда кичик ишлаб чиқариш ва сервис лойиҳаларига эътибор қаратдилар. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, тақдим этилган ғояларнинг асосий қисми рақамли технологияларга оид. Бу эса ёшлар орасида IT соҳасига қизиқишнинг ортиб бораётганидан далолат беради.

– Лойиҳада иштирок этган ёшлар нафақат ўз ғояларини баён қилиш имконига эга бўлишди, балки нотиқлик маҳорати ва лидерлик қобилиятларини ривожлантирдилар. “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси орқали ёшлар инновацион ғояларни амалий бизнесга айлантириш учун зарур шароитларга эга бўлмоқда, – дейди O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб қувватлаш бўлими мудири Элёр Жўраев .

Унинг сўзларига кўра, келгусида лойиҳанинг кўлами кенгайтирилиб, ёшлар молиявий, ҳуқуқий ва менторлик жиҳатдан янада қўллаб-қувватланади.
Тадбир якунида эса 40 нафар йигит-қизлар партия сафига қабул қилинди ва фаол иштирок этган ёшлар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Бу эса лойиҳанинг нафақат тадбиркорлик ривожига, балки ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ва сиёсий онги шаклланишига ҳам ҳисса қўшаётганидан далолат беради.
Ғулом Примов, ЎзА