Кўзи ожизлар эътиборда
Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи
Поклик, хайр-саховат, меҳр-муҳаббат каби фазилатлар улуғланадиган муқаддас Рамазон ойида кўнгли ўксик, ногиронлиги бор, эҳтиёжманд кишилар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга яхшиликлар қилинади.
Ушбу муборак кунларда Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов "Кўзи ожизлар" жамиятига қарашли кўп қаватли турар жойларда яшовчи аҳолини йўқлади.

Наманган шаҳрининг Шаршара маҳалласи Маърифат кўчасида иккита кўп қаватли, 36 хонадондан иборат мўъжаз маскан бор. “Кўзи ожизлар” жамиятига қарашли бу хонадонларда 118 киши истиқомат қилади. Уларнинг 28 нафари ногиронлиги бўлган шахслардир.
Вилоят раҳбари аҳоли билан учрашиб, ҳол-аҳвол сўради. Самимий руҳдаги мулоқот давомида муборак Рамазон ойида Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эзгу амаллар эътироф этилди.

Учрашувда ҳомийлар томонидан хонадонларнинг ҳар бирига кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмасидан иборат Рамазон туҳфалари топширилди. Бундай савобли амаллар давом эттирилиши таъкидланди.
Ўз навбатида, жамият аъзолари бугунги тинч-осуда Ўзбекистондаги фаровон ҳаётга шукрона айтиб, кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди. Ватанимиз тараққиёти бардавом бўлишини тилаб, дуога қўл очилди.

—Йигирма йилдан буён шу жойда истиқомат қиламан. Бундан беш йил илгари вилоят ҳокими ташаббуси билан уйларимиз мукаммал таъмирдан чиқарилиб, мавжуд муаммоларимиз бартараф этилган эди, —дейди биринчи гуруҳ ногиронлиги бор Заҳрохон Тўлашева. – Шундан кейин ҳам тез-тез хабар олиб туришади. Бунинг учун беҳад хурсандмиз.
Мулоқот давомида аҳоли муаммолари ҳам ўрганилди. Хусусан, уларнинг мурожаатига асосан, икки қаватли уй яна таъмирлаб бериладиган, табиий газ таъминоти яхшиланадиган бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА