Олам жажжи мусаввирлар нигоҳида
Жиззахда ўтказилган “Табиат болалар нигоҳида” расмлар танлови бу йил ҳам болажонларнинг беғубор қалби, рангларга ошно дунёси ва табиатга бўлган самимий меҳрини намоён этди. Кичик қўллар чизган ҳар бир суратда она табиатга эҳтиром, болалик орзулари ва нурли келажакка ишонч мужассам эди.
Анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган мазкур танлов ёш авлод қалбида экологик маданиятни шакллантириш, уларни табиатга меҳр ва масъулият руҳида тарбиялашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Вилоят босқичида иштирок этган болажонлар туман ва шаҳар саралаш босқичларида сараланиб, ўз истеъдод ва иқтидорини намоён этиш имконига эга бўлди.

Тақдим этилган ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан синчковлик билан баҳоланди. Якунларга кўра, қизлар ўртасида Зомин тумани 14- давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Осиё Абдураҳмонова биринчи ўринни қўлга киритди. Арнасой тумани 11- давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Эъзоза Қаҳрамонова иккинчи, Янгиобод тумани “Ҳилолабону” номли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Зарнигор Холмаматова эса учинчи ўринга муносиб деб топилди.



Ўғил болалар ўртасида эса Дўстлик тумани 18- давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Давронбек Найруллаев ғолибликни қўлга киритди. Кейинги ўринлар Бахмал тумани 19- давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Ҳожибой Саъдуллаев ҳамда Мирзачўл тумани 2- давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Ҳумоюн Холбоевга насиб этди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири