“Ковулди” фабрикаси иш бошлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга қаратилган яна бир йирик инвестициявий лойиҳа — юқори технологик имкониятларга эга “Ковулди” олтин саралаш фабрикаси фойдаланишга топширилди.
Мазкур фабрика замонавий технологиялар асосида барпо этилган бўлиб, унда рудани саралаш, қайта ишлаш ва самарадорликни оширишга хизмат қилувчи илғор ускуналар ўрнатилган. Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, қурилиш-монтаж ишлари ҳамда технологик жиҳозларни ўрнатиш жараёнлари комбинатнинг ички имкониятлари ва маҳаллий мутахассислар салоҳияти асосида амалга оширилди.
Қайд этилганидек, бу маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар самарасини, шунингдек, комбинат муҳандис ва мутахассисларининг юқори касбий маҳоратини яққол намоён этмоқда.
[gallery-29442]
Фабриканинг тантанали очилиш маросимида комбинат раҳбарияти, хорижий ҳамкорлар, Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги масъуллари, меҳнат фахрийлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда рамзий лента қирқилиб, янги ишлаб чиқариш қуввати расман ишга туширилди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур фабрика фаолияти ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, корхонада саноат хавфсизлиги, экологик барқарорлик ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди.
ЎзА