Ғоядан амалиётга
Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Techstars Startup Weekend Samarkand”тадбири ўтказилмоқда.
Тадбир “Techstars Uzbekistan” жамоаси томонидан UzVC миллий венчур фонди, Hackonnect компанияси ва Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда 100 нафарга яқин ташаббускор иштирокчи 54 соат давомида ғоядан ишчи прототип (MVP) яратишгача бўлган йўлни босиб ўтади ҳамда “Techstars” методологияси бўйича учта муаллифлик воркшопларида ўз билимини мустаҳкамлайди.
Ғоя устида ишлаш учун иштирокчиларга стартап, бизнес, сунъий интеллект, АТ ва маркетинг соҳаларида CЕО, топ-менежер ва асосчилар даражасидаги 12 дан ортиқ эксперт-менторлар ёрдам беришади.
[gallery-29443]
Иштирокчилар ўз лойиҳаларини инвесторлар ҳамда венчур жамғармалари вакилларига тақдим этиш имкониятини қўлга киритади. Шунингдек, иштирокчилар самарали ишлаши учун барча зарур инфратузилма билан таъминланиб, ўз бизнесини йўлга қўйиш мақсадида 30 миллион сўмлик мукофот жамғармаси учун курашади.
Уч кунга мўлжалланган тадбир 17 май куни якунланади.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари