Келишувнинг кучи – амалий натижада
– Очиғини айтсам, Афғонистонга кўплаб мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистондан ҳам турли делегациялар келиб ҳамкорлик шартномалари имзоламоқда. Аммо келишувларнинг кучи – амалий натижада, – дейди Афғонистонинг “Kam Air” авиакомпанияси раиси Замарай Камгар. – Фарғона вилояти делегациясининг Қобул ва Мозори Шарифга ташрифи эса дарҳол натижасини кўрсатди. Ҳар икки шаҳарда “Фарғона савдо уйи” очилди. Шунинг учун ҳам мен бугун бу ердаман.
“Kam Air” 2003 йилда ташкил топган ва Афғонистондаги биринчи хусусий авиакомпаниядир. Унинг парки асосан “Airbus A340” ва “Boeing” русумли самолётлардан ташкил топган. “Kam Air” мамлакат ички ва халқаро йўналишларида қатнайди. Шу йил июль ойидан бошлаб эса “Kam Air” самолёти “Тошкент – Қобул” йўналишида ҳафтасига уч мартадан қатнамоқда.

Дарвоқе, шу йил 26-27 июль кунлари Фарғона вилояти тадбиркорларининг Афғонистонга сафари ҳам айнан шу компания самолётларида амалга оширилган эди.
Бу гал Фарғонага “Spinzar Kunduz” давлат корпорацияси раҳбари Абдул Хафиз Фарёд ҳам ташриф буюрди.
Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан бўлган учрашув чоғида икки томонлама манфаатли лойиҳалар муҳокама этилди ва уларнинг ижроси юзасидан аниқ режалар тузиб олинди.
– Биз тадбиркорлар ишлаб чиқарган ва боғбонлар етиштирган маҳсулотларни Фарғона шаҳридан Афғонистонга самолётда етказиш имкониятини таклиф этдик, – дейди Замарай Камгар. – Режамиз амалга ошишига ишонаман.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА