Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби битирувчиларининг барчаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди
Ёшлар — ҳар қандай жамиятнинг нафақат эртанги куни, балки бугунини ҳам белгилаб бераётган асосий куч.
Бугун билим олишга, изланишга ва инновацион ғояларни амалга оширишга интилаётган ёшлар ўз келажагини ва мамлакат тараққиётининг йўналишини ҳам белгиламоқда. Улар учун дипломнинг ўзи эмас, билимни амалиётга татбиқ этиш, янгилик яратиш ва жамиятга фойда келтириш муҳим мақсадга айланмоқда. Билимли, ташаббускор ва мақсадли ёшлар кўпайган сари, жамиятнинг имкониятлари ҳам кенгаяди.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабининг 2025-2026 ўқув йилидаги 35 нафар битирувчисининг барчаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Битирувчиларнинг ўртача натижаси 186,1 баллни ташкил этди.
Уларнинг 26 нафари давлат гранти, 9 нафари эса тўлов-контракт асосида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон Миллий университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда “Cyber University” каби нуфузли олий таълим муассасалари талабаси бўлди.
Қайд этиш лозимки, 100 фоизлик натижа ўқувчиларнинг билим ва мақсад сари интилиши, устозларнинг фидокорона меҳнати ҳамда ота-оналарнинг доимий қўллаб-қувватлаши самарасидир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА