Жиззах тадбиркорларининг фидокорона меҳнатлариэъзозланди
Жиззахда “Тадбиркорлар куни” муносабати билан соҳа вакилларига давлат мукофотларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев иштирок этиб, юрт тараққиёти, аҳоли фаровонлиги ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорларни самимий муборакбод этди.
Бу кунги эътироф — шунчаки байрамона тадбир эмас. Зеро, тадбиркорга берилган мукофот замирида бир инсоннинг эмас, унинг ташаббуси ортидан иш ўрнига эга бўлган юзлаб, минглаб инсонларнинг меҳнати, оиласи ва эртанги кунига дахлдор эзгу мақсадлар мужассам.
Бугун Жиззахда 16 мингдан 800 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларда қарийб 194 минг 500 нафар фуқароларимиз меҳнат қилмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулотда хусусий сектор улушининг 71,9 фоиздан ошгани эса тадбиркорлик вилоят иқтисодиётининг оддий бир бўғини эмас, балки унинг таянч устунларидан бирига айланганини кўрсатади. Бу рақамларнинг ҳар бири ортида инсон тақдири, оила ризқи, янги иш ўрни ва катта меҳнат бор. Бир тадбиркорнинг ташаббуси ишлаб чиқаришга, ишлаб чиқариш бандликка, бандлик эса оила фаровонлигига айланади. Шу боис тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш — аслида инсонни, унинг меҳнати ва келажакка ишончини қўллаб-қувватлашдир.
Сўнгги йилларда Жиззахнинг иқтисодий қиёфасида ҳам ана шу ўзгаришлар яққол кўзга ташланмоқда. Вилоятда саноат корхоналари сони 3927 тага етди. Сўнгги етти йилда ҳудудга жами 4 миллиард 800 миллион доллар инвестиция жалб этилди. Жорий йилда 2 миллиард 700 миллион доллар инвестиция ўзлаштириш мақсад қилинган бўлиб, дастлабки етти ойнинг ўзида 800 миллион доллар инвестиция жалб этилди.
Экспортда ҳам марра баланд. Йил якунига қадар вилоятда ишлаб чиқарилган 306 миллион долларлик маҳсулотни дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатларига экспорт қилиш режалаштирилган.
Демак, Жиззахда тадбиркорликнинг бугунги қиёфасини уч сўз билан ифодалаш мумкин: меҳнат, имконият ва натижа.
[gallery-30958]
Тантанали маросимда юксак натижалари билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган жиззахлик тадбиркорларнинг меҳнати муносиб эътироф этилди.
Бахмал туманидаги “Қўшчинор меваси” фермер хўжалиги бошлиғи Бахтиёр Аҳмедов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвони, Зомин туманидаги “Азим Зомин шифо” масъулияти чекланган жамияти директори Ойбек Маматқулов “Дўстлик” ордени, Шароф Рашидов туманидаги “Ю-Мева” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Юлдуз Жаббарова эса “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Шунингдек, Жиззах вилоятидан Нуриддин Абжалов, Жаҳонгир Бўронов, Дониёр Давлатёров, Шуҳрат Мавлонов, Шоҳҳасан Сувонқулов, Миртоза Султонов, Юлдуз Тўғаева ҳамда Абдулазиз Юнусовлар “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланишди.
Мукофот соҳиблари орасида Бахмалнинг серқуёш боғлари, тупроқнинг баракаси ва деҳқоннинг машаққатли меҳнати билан умрини боғлаган Бахтиёр Аҳмедовнинг алоҳида ўрни бор.
— Давлатимиз раҳбари томонидан менинг камтарона меҳнатимга берилган ушбу юксак мукофот мен учун қувончдан кўра каттароқ масъулиятдир. Энди ҳар бир дарахт, ҳар бир ниҳол, ҳар бир қарич ерга янада масъулият билан қарашим керак. Юртимизда қишлоқ хўжалигига яратилаётган имкониятларни самарали ишлатиб, сифатли маҳсулот етиштириш, экспортни кўпайтириш, ёшларни меҳнатга жалб этиш — бу мукофотга муносиб жавоб бўлади. Давлатимиз билдирган ишончни янги натижалар билан оқлашга ҳаракат қиламиз, — дейди “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвони соҳиби Бахтиёр Аҳмедов.
Дарҳақиқат, мукофотнинг қадри унга муносиб меҳнат қилиш билан ўлчанади.
Бугун Жиззахда тадбиркорликнинг миқёси ҳам, турлари ҳам ўзгармоқда. Кимдир янги корхона очиб, ёшларга иш беряпти. Кимдир маҳаллий хомашёни тайёр маҳсулотга айлантириб, бозорга чиқаряпти. Яна кимдир экспорт географиясини кенгайтириб, Жиззах номи билан яратилган маҳсулотни хорижий бозорларга олиб киряпти.Тадбиркорлар куни муносабати билан берилган мукофотлар ана шу эзгу ҳаракатларнинг муносиб эътирофидир. Аммо ҳар қандай эътирофнинг энг катта давоми бор: у инсонни кечагидан ҳам яхшироқ натижага ундайди.
Бугун мукофот топширилди. Эртага эса бу мукофотнинг ҳақиқий самараси янги иш ўринларида, янги корхоналарда, янги маҳсулотларда, янги инвестиция ва экспорт кўрсаткичларида намоён бўлади.
Зеро, тадбиркорлик — фақат даромад топиш санъати эмас. У имкониятни кўра билиш, масъулиятни зиммага олиш, таваккалдан қўрқмаслик ва ўз муваффақиятини юрт тараққиёти билан уйғунлаштира билиш маданиятидир. Жиззахда бу маданият тобора чуқур илдиз отмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари