Рассомлар пленарда учрашди
Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан Бўстонлиқ тумани, Чорвоқ посёлкасида жойлашган таниқли рассом ва ҳайкалтарош Солий Қодировнинг «ART-SUPA Chorvoq» ижодий масканида рассомлар иштирокида пленар ва ижодий учрашув ташкил қилинди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган учрашувда ЎзБИУ аъзолари Олимжон Фозилов, Солий Қодиров, Фарҳод Назарматов, Рустам Мамбетов, Чори Шамс, Бахтиёр Алимов ҳамда Руслан Сабуров ва Россия рассомлар уюшмаси аъзоси Титов Александр иштирок этди.

Маълумки, пленар бу рассомларнинг устахонадан ташқарида, яъни табиат бағрида, очиқ осмон остида расм чизиш жараёнидир. Бу усул рассомларга табиий ёруғлик, қуёш нури ва ҳаво ҳароратининг рангларга таъсирини тўғри тасвирлашга ёрдам беради.
Ижодкорлар Чорвоқнинг бетакрор табиати, тоғ манзаралари ва мусаффо ҳавосидан илҳомланиб, Хумсон қишлоғи ҳамда Чорвоқ сув омбори атрофида этюдлар ишлади.
Пленар жараёнидан сўнг рассомлар яна “ART-SUPA”да жам бўлишиб ўзаро ижодий суҳбатлар ўтказди. Пленер давомида чизилган этюдларни муҳокама қилиб, уларнинг композицияси, ранг ечими ва бадиий ифодаси ҳақида фикр алмашди.

Бундай ижодий мулоқотлар рассомлар ўртасида тажриба алмашиш, бир-бирининг ижодий ёндашувларини ўрганиш ва янги ғоялар билан бойиш учун муҳим аҳамият касб этди.
Гулноза Бобоева, ЎзА