Жазони ижро этиш муассасасидан қайтган аёл ишга жойлашди
Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан амалга оширилаётган “Аёл қадри ва аёл учун!” лойиҳаси доирасида турли тадбирлар, семинар ва мулоқотлар ўтказилиб, опа-сингилларимизни қийнаётган қатор муаммолар бартараф этилмоқда.
Туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Зардуна Исмоилова, муваффақиятли иш олиб бораётган тадбиркор аёллар иштирокида ташкил этилган амалий семинар ҳам лойиҳа доирасидаги ишлардан бири бўлди.
Семинарда оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш ҳамда тадбиркорликка жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар бир тадбиркор аёлга бир нафардан оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, турмуш шароити қийин бўлган хотин-қизлар бириктирилди. Энди тадбиркор аёллар ўзларига бириктирилган хотин-қизларга фаолиятлари йўналишида иш ўргатиб, уларнинг бандлигини таъминлашга, даромад топишларига кўмаклашади.
Тадбир давомида жазони ижро этиш муассасасидан қайтган бир нафар аёлга ҳам амалий ёрдам кўрсатилди. Туман оила ва хотин-қизлар, Мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ҳамкорлигида ана шу аёлнинг бандлиги таъминланди, унинг фарзандлари эса бепул боғчага жойлаштирилди.

Умуман, “Аёл қадри ва аёл учун!” лойиҳаси хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, турли муаммоларини ҳал этишга, муносиб турмуш шароитларини яратишга хизмат қилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ва бошқа кўплаб хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилмоқда.
Ф.Убайдуллаев,
ЎзА мухбири