“Жасорат мактаби”: жисмоний ҳамда маънавий чиниқиш майдони
Она юртга муносиб фарзанд бўлиш, унинг тинчлиги, равнақи ва келажаги учун масъулиятни чуқур ҳис этиш ёш авлод тарбиясининг энг муҳим мезонларидан биридир.
Ана шу эзгу мақсадлар мужассам бўлган маънавий-маърифий тадбир Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонида жойлашган Маънавият ва маърифат марказида ташкил этилди.
Нукус шаҳридаги умумтаълим мактаблари негизида фаолият юритаётган “Жасорат мактаби” ўқувчилари иштирокида ўтказилган “Ваъда бериш” маросими ёшларнинг қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, қатъият ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этди.
[gallery-31972]
Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондони, Миллий гвардия бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходимлари ҳамда ўқувчи ёшларнинг ота-оналари иштирок этишди. Маросим давомида ёшлар қалбида Ватанга садоқат, халқ манфаатларига хизмат қилиш, миллий қадриятларни эъзозлаш ва аждодлар меросига муносиб бўлиш каби юксак фазилатларнинг мазмуни янада теран намоён бўлди.
“Жасорат мактаби” ўқувчилари учун ушбу маросим ўз устида тинимсиз ишлаш, билим ва салоҳиятини ошириш, жисмоний ҳамда маънавий чиниқиш, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигига дахлдорликни ҳис этиш йўлидаги муҳим руҳий туртки берди. Айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг сафдаги аниқлиги, ўзаро ҳамжиҳатлиги, интизоми ва жисмоний тайёргарлиги ёшлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилди. Қўл жанги усталарининг маҳорати эса куч, чаққонлик, ирода ва мунтазам машғулотлар орқали шаклланадиган матонатнинг ёрқин ифодаси бўлди.
“Ваъда бериш” тадбири ёшларни эзгу мақсадлар сари руҳлантирадиган, қалбларда Ватанга муҳаббат ва халқ олдидаги масъулиятни мустаҳкамлайдиган маънавий-маърифий воқеа бўлди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари