Жанубда умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан ўтди (+видео)
Ҳашар қадимдан элимизни улуғ ишлар атрофида бирлаштириб, уларнинг меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаган. Қалбларга қувонч, теварак-атрофга ободлик улашиб, тўю-шодиёналарни саранжом уй, сариштали кўча ва озода маҳаллада нишонлашга ундаган.
Мамлакатимизда муборак Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами арафасида бошланган умумхалқ хайрия ҳашари халқимизнинг ана шундай эзгу фазилатларини кенг намоён этмоқда.
“Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида ташкил этилган ҳашарнинг илк куни Сурхондарё вилоятида кўтаринки руҳда ўтказилди. Рамазон ҳайити ва шарқона яшариш, янгиланиш айёми – Наврўз байрамига пешвоз чиқаётган воҳа аҳлини ўз маҳалласини обод қилишдек улуғ мақсад йўлида бирлаштирди. Вилоятдаги 723 маҳалладан ҳашарда фаол иштирок этган 586 мингдан ортиқ ёшу кекса теварак-атрофни ободонлаштириб, турар жой, кўча-куй ва ариқларни, муқаддас қадамжо ва қабристонларни турли чиқиндилардан тозалади. Қарийб 900 минг туп дарахт оқланиб, шакл берилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 200 мингдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди. Томорқалар тартибга келтирилди.

Вилоятнинг Термиз туманида ҳашарда қатнашган 24 минг 350 кишининг деярли 13 мингини ёшлар ташкил этди. Яна 30 мингга яқин ҳашарчи азалий қадриятларимиз улуғланаётган умумхалқ тадбирида иштирок этиб, аҳиллик билан ҳудудларни ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш юмушларини амалга оширди.

Байрамни миллий урф-одатларимизга хос обод ва озода гўшада ўзгача хурсандчилик билан кутиб олишга пухта ҳозирлик кўраётган Бандихон тумани аҳолиси ҳам умумхалқ хайрия ҳашарини уюшқоқлик билан якунлашга бел боғлади. Туманнинг барча маҳалла ва кўчаларида амалга оширилган юмушларни тез, сифатли бажаришга алоҳида эътибор берилган ҳашарда ёшлар ва кекса авлод вакиллари белни маҳкам боғлаб, астойдил қатнашди. Шу мақсадда ҳашарнинг биринчи кунида 17 мингдан зиёд киши иштирок этган бўлса, кеча 22 мингга яқин киши ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ва ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш ишларини олиб борди. Зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтириб, дарахтларга шакл берилди.

Маълумотларга кўра, дастлабки кун 43 мингдан ортиқ киши ҳашарда қатнашган Шўрчи туманида кеча тонгдан 50 мингга яқин ҳашарчи меҳнат қилди. Тумандаги 53 та маҳаллада амалга ошириладиган ишлар “кўчабай” ва “хонадонбай” кесимида белгилаб олингани ҳудудларга баҳор чиройини улашиб, нишонланиши бир пайтга тўғри келган икки улуғ айёмни шоду хуррамликда қарши олишга қулай муҳит яратмоқда.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармасидан маълум қилишларича, воҳада эрта тонгдан 700 мингдан ортиқ киши жойларда ободонлаштириш юмушларини қизғин олиб борди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, улар минг гектардан зиёд майдонни ободонлаштириб, тартибга келтирди. 800 тоннага яқин турли чиқинди махсус жойларга олиб чиқилди. Шунингдек, қарийб 1 минг 250 километр узунликдаги лоток ва ариқни тозалаш, 900 минг тупга яқин мевали ва манзарали дарахтни оқлаб, шакл бериш режалаштирилган.

Ҳашар доирасида турли кўчат экиб, боғ-роғлар яратиш, муқаддас қадамжо ва қабристонларни ободонлаштириш, эҳтиёжманд оилалар хонадонларини тартибга келтириш, ногирон ва ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиб, моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш давом этмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5SBb59E1Sa4" title="Janubda umumxalq xayriya hashari uyushqoqlik bilan o`tdi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Холмўмин Маматрайимов, ЎзА