Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда давлатимиз раҳбарининг ўтган йил ноябрь ойидаги тегишли қарори асосида тиббиёт ходимларига бир қатор имтиёзлар берилгани, бироқ яқинда бўлиб ўтган тақдимотда бу янги таклиф сифатида тақдим қилингани юзасидан турли асоссиз фикр-мулоҳазалар тарқалди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:
"Президентимизнинг 2025 йил 9 ноябрдаги "Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида"ги қарорида соҳа ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим имтиёзлар белгиланган.
Ушбу имтиёзларни амалда адолатли, очиқ ва шаффоф тарзда қўллаш учун аризаларни қабул қилиш, талабгорларни саралаш, устуворликни белгилаш, маблағ ажратиш ҳамда натижаларни мониторинг қилишнинг ягона ахборотлаштирилган механизмини шакллантириш талаб этилади.
Шу боис вазирлик томонидан қарорда белгиланган ипотека ва контракт тўловининг бир қисмини қоплаб беришни электрон тартибда, аниқ мезонлар асосида амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрланиб, Давлат раҳбарига ахборот берилди.
Бу орқали Президент қарорида кўзда тутилган имтиёзларни инсон омилисиз, шаффоф ва адолатли тарзда, тегишли вазирлик ва идораларнинг электрон платформа тизимлари орқали интеграциялаштирилган тартибда қўллаш мақсад қилинган. Унда янги механизмни жорий этиш босқичлари, мурожаат қилиш тартиби ва танлов мезонлари аниқ белгиланган. Бу эса келгусида турли коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш билан бирга, белгиланган имтиёзларнинг ҳақиқий эгаларига етиб боришига хизмат қилади.
Шу маънода, Президент ҳузурида тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилган имтиёзлар такрор тақдим этилмади. Балки ана шу имтиёзларни шаффоф ва адолатли, коррупциядан холи тарзда қўллашга доир механизмлар яратилганлиги хусусида ахборот берилди.
Яқин кунларда ушбу механизмларни тартибга солишга қаратилган Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиниши кўзда тутилмоқда".
М.Қосимова,
ЎзА