Ижара шартномалари бўйича ҳисобланган солиқлар миқдори очиқланди
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда кўчмас мулк ижара бозорида сезиларли фаоллик қайд этилди. Солиқ қўмитасининг маълумотига кўра, январь–март ойлари давомида жами 506,9 мингта ижара шартномаси расмий ҳисобга олинган.
Мазкур шартномалар асосида давлат бюджетига 299 миллиард сўм солиқ ҳисоблангани ижара муносабатлари тобора шаффофлашиб бораётганини кўрсатади.
Жисмоний шахслар ўртасида тузилган ижара шартномалари сони 359,7 мингтани ташкил этди. Улар бўйича 229,3 миллиард сўм даромад солиғи ҳисобланган. Бу кўрсаткичлар 2025 йилнинг шу даврига нисбатан шартномалар сони 19,3 фоизга, солиқ тушумлари эса 45,1 фоизга ошганини англатади.
Юридик шахслар ўртасида эса 140,1 мингта шартнома қайд этилди. Улар бўйича 69,7 миллиард сўм солиқ ҳисобланган. Ушбу йўналишда ҳам ижобий ўсиш кузатилиб, шартномалар сони 25,5 фоизга, солиқ тушумлари эса 19,3 фоизга кўпайган.
Ижара бозорида энг юқори улуш анъанавий равишда пойтахт ҳиссасига тўғри келди. Жумладан, Тошкент шаҳрида 184,3 мингта шартнома расмийлаштирилган. Шунингдек, Тошкент вилояти, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳам юқори фаоллик кўрсатган ҳудудлар сифатида қайд этилди.
Талабаларга уй-жойни ижарага беришдан олинадиган даромадлар солиқдан озод этилгани ушбу бозор сегментини рағбатлантирмоқда. 2026 йилнинг биринчи чорагида ушбу имтиёз доирасида 28,3 миллиард сўмлик енгиллик тақдим этилди.
Ҳисобот даврида талабалар билан 77,8 мингдан ортиқ ижара шартномаси тузилган бўлиб, ижарада яшовчи талабалар сони 108 минг 741 нафарга етган.
Келтирилган рақамлар ижара бозорининг легаллашуви, солиқ интизомининг мустаҳкамланиши ва давлат томонидан яратилаётган қулай шарт-шароитлар самараси эканини кўрсатади. Айниқса, талабалар учун берилаётган имтиёзлар ижара муносабатларини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА