“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгашининг янгиланиш стратегияси
Бугунги кунда Тошкент шаҳри нафақат мамлакатимизнинг маъмурий маркази, балки шиддатли ислоҳотларнинг чинакам локомотивидир. Пойтахтдаги юқори сиёсий рақобат муҳитида “Адолат” социал-демократик партиясининг ўрнини мустаҳкамлаш ва халқ манфаатларини ҳимоя қилишда етакчи куч сифатида намоён бўлиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгашининг 2026 йил биринчи чорагидаги фаолияти сарҳисобига назар ташлар эканмиз, эришилган ютуқлар билан бирга, фаолиятимиздаги янги имкониятлар ва ечилиши лозим бўлган стратегик вазифаларни англаб етамиз.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Тошкент шаҳри бўйлаб партиямизнинг ижтимоий-сиёсий таъсири кенгаймоқда. Сайловолди дастуримиздаги “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари” тамойиллари фуқароларимизнинг эҳтиёжларига ҳамоҳанг келаётгани аъзоларимиз сонининг мунтазам ошиб боришида ўз аксини топмоқда. Дастлабки уч ой ичида сафимиз минглаб янги, ғайратли сафдошлар билан бойигани, шубҳасиз, партияга бўлган институционал ишончнинг ёрқин ифодасидир.

Бугунги кунда Бошланғич партия ташкилотлари (БПТ) сони 46 фоизга ортиб, 476 тага етди. Бу ҳар бир йирик корхона ва маҳаллада “Адолат”нинг овози, ўз вакили борлигини англатади. Шунингдек, партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида амалга оширилган 2 мингтадан ортиқ хонадон мулоқотлари ва юзлаб маҳалла учрашувлари сайловчилар билан тўғридан-тўғри кўприк вазифасини ўтамоқда.
Айниқса, “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи”, “Ёшлар саломатлиги” ҳамда “Биз коррупцияга қаршимиз” каби лойиҳалар шунчаки тадбир эмас, балки аҳолининг ҳаётий муаммоларига ечим изловчи амалий ҳаракатга айланди. Бу лойиҳалар орқали биз нафақат партия аъзоларини, балки жамиятнинг энг фаол қатламини бирлаштиришга эришдик.
Шуни унутмаслик керакки, бу рақамлар шунчаки статистика эмас, балки аҳолининг бизга билдирган улкан ишончи демакдир. Эришилган ижобий натижаларнинг ҳақиқий қадри улар ортида турган масъулиятда намоён бўлади. Шу боис, партия фаолиятини фақат ҳисоботлар эмас, балки инсонларнинг ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан ўлчаш даври келди.
Тан олиб айтиш керак, ҳозирги кунда айрим туман Кенгашларимиз фаолиятида мурожаатларни ўрганишда тизимлиликни кучайтириш талаб этилади. Хусусан, Бектемир, Чилонзор, Юнусобод, Яккасарой, Янгиҳаёт ва Яшнобод туманларида келиб тушган мурожаатларни тегишли тартибда ҳал этиш жараёнида депутатлик назоратини янада фаоллаштириш зарур.

Биз муаммоларни фақат тегишли идораларга йўналтирувчи эмас, балки уларнинг ечимига бевосита масъул бўлган, қонуний талаб қўя оладиган сиёсий куч сифатида майдонда бўлишимиз шарт. Мурожаатни “ижрога қаратилди” деб белгилаш осон, аммо натижага эришиш маҳорат ва қатъият талаб этади. Депутатлик назорати муаммо ижобий ечимини топмагунча тўхтамаслиги керак. Акс ҳолда, “почтачилик” методига асосланган фаолият партиянинг обрўйига эмас, балки фуқароларнинг бизга бўлган ишончига соя солади.
Биргина рақамларга мурожаат қилсак, депутатлик сўровлари ва сессиялардаги фаоллик даражаси ҳали эришишимиз керак бўлган марраларга етиб борганича йўқ. Тошкент шаҳридаги 56 нафар депутатимизнинг 1-чорак давомида атиги 11 та депутатлик сўрови чиқаргани бу сиёсий фаолликнинг пастлигидан далолат. Сергели, Шайхонтоҳур ва Мирзо Улуғбек туманларидаги депутатлик корпуси ўз фаолиятини “учрашув ўтказилди” каби умумий қайдлар билан эмас, балки аниқ ечимлар ва ташаббуслар билан бойитиши лозим.
Хусусан, Бектемир туманида 60 минг аҳоли бўла туриб, тумандаги депутатлик гуруҳимиз томонидан 3 ойда атиги 2-3 та сўров чиқарилгани вазиятнинг нақадар жиддийлигини кўрсатади. Ахир депутат бу халқнинг қуроли. Конституция ва қонунларимизда ҳам унга берилган ваколатлар орқали маҳаллий ижро ҳокимияти устидан назорат ўрнатиш, бюджет тақсимотида адолатни таъминлаш имконини беради.
Айни пайтда пойтахтимизда ноқонуний ва сифатсиз қурилишлар, дорихоналардаги нархлар тафовути, мактабгача таълим муассасаларидаги ўринлар етишмовчилиги каби долзарб масалалар мавжуд. Юнусобод ва Яккасарой туманларидаги зич қурилишлар оқибатини электр, газ ва сув таъминоти кўтара олмаяпти. Бу каби муаммоларни сессия кун тартибига олиб чиқиш, ҳар бир янги лойиҳани инфратузилмавий экспертизадан ўтказишни талаб қилиш бу ҳар бир депутатнинг нафақат вазифаси, балки бурчидир.
Партиянинг дастурий мақсадлари — ёшлар таълими, тиббиётдаги сифат ва ижтимоий адолатни таъминлаш. Бироқ, ўтган чоракда бу масалаларда депутатларимизнинг овози етарлича эшитилмади. Бу ҳолатни тубдан ўзгартириш зарур. Биз пойтахтнинг марказий кўчаларидаги ободончилик билан чекланиб қолмай, чекка маҳаллалардаги йўллар, ёритиш тизимлари ва ижтимоий муҳитни ўзгартиришга устуворлик беришимиз керак.
Бугунги куннинг танқидий таҳлиллари бизни олға интилишга, янги марраларни забт этишга чорловчи омил. Хусусан, келгуси фаолиятимизда депутатлар эндиликда фақат сессияларда эмас, балки ижтимоий тармоқлар орқали ўз округидаги долзарб муаммоларнинг ечими бўйича ҳар кунлик ҳисобот бериб бориши, яъни “рақамли депутат” имижини шакллантириши лозим. Бундай ёндашув аҳолининг депутатларга бўлган ишончини ошириш билан бирга, партияни жамиятдаги энг шаффоф ва очиқ сиёсий куч сифатидаги ўрнини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, партиянинг институционал қудратини ошириш мақсадида “Маҳалла – партия таянчи” тамойилини амалий ҳаётга татбиқ этиб борамиз. Бунда бошланғич партия ташкилотлари (БПТ) сонини сунъий кўпайтириш билан чекланмай, уларни маҳалладаги ижтимоий муаммоларни мустақил таҳлил қила оладиган ва уларга маҳаллий даражада ечим топа оладиган “ақлли марказлар”га айлантириш керак.
Шу билан бирга, депутатлар учун махсус “Сиёсий маҳорат ва назорат мактаби”ни йўлга қўйиш, уларни бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши бўйича чуқур экспертиза ўтказишга ўргатиш орқали, туман Кенгашларида партия депутатлик гуруҳларининг шунчаки расмиятчилик эмас, балки мамлакат тараққиётига реал таъсир ўтказа оладиган нуфузли куч эканини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, 2026 йилнинг биринчи чораги “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши учун муҳим сабоқлар ва янги имкониятлар даври бўлди. Эришилган рақамлар, сафимизнинг кенгайиши ва маҳаллалардаги фаоллик бу фақат бошланиши. Бироқ, фуқароларнинг бизга билдирган юксак ишончи фақат ҳисоботлардаги чиройли рақамларни эмас, балки уларнинг кундалик ҳаётидаги аниқ ўзгаришларни талаб қилади.
Шу боис, эндиликда биз “кузатувчи” ёки “воситачи” эмас, балки муаммоларнинг ечимига бевосита жавобгар бўлган, қатъий ва муросасиз сиёсий куч сифатида ҳаракат қилишимиз, ҳар бир депутатлик сўровини натижа билан якунлашимиз керак.
Келгуси фаолиятимизда ҳар бир халқ вакили ўз сайлов округининг ҳақиқий ҳимоячисига, ҳар бир туман Кенгаши эса маҳаллий муаммоларнинг ечимини топувчи марказга айланиши шарт. Сабаби, биз сиёсий рақобатда ўз ўрнимизни фақат сўзлар билан эмас, балки аниқ ва манзилли ишлар, депутатлик назоратидаги қатъият ҳамда халқ билан бўлган тинимсиз мулоқот орқали мустаҳкамлаймиз.
Муҳаррам Дадахўжаева,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси