Ижара ерлари — янги имконият ва юқори даромад манбаи
Қарор ва ижро
Бугунги кунда деҳқон хўжаликларига ижарага берилган ерлардан аҳоли даромадини ошириш, ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Президентимизнинг 2024 йил 4 октябрдаги "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори бу жараёнда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Унга кўра, жорий йил Тошкент вилоятининг 11 та туманида 50-100 гектаргача ижара асосида ажратилган қишлоқ хўжалиги ер майдонларида саноатлашган плантация, боғ ва узумзорлар ташкил этиш белгилаб олинди.

Мутахассислар қайд этишича, ижарага ажратилган 19,3 гектар ер майдонлари “Бир контур–бир маҳсулот” тамойили асосида экинлар экиш бўйича иқтисодий комплекс ташкилотлари, бандлик бўлимлари, тижорат банклари ва ихтисослашувидан келиб чиқиб “Agro star” МЧЖларга бириктирилди. Айниқса, жойлардаги 159 та маҳаллада намунали лойиҳаларни амалга ошириш учун 9 та давлат банкига бириктирилган.

Хусусан, Бекобод тумани “Ёшлик-2” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ташаббуси билан 100 гектар ер майдонида интенсив боғ ташкил этилади. Пискент тумани Мингтепа маҳалласида 20 гектар ижарага берилган ер майдонларида узумчилик хўжалиги барпо этилмоқда.

Бугун ташқари, Паркент тумани Шампан маҳалласидаги ижарага берилган 10 гектар ер майдонларида “Бир контур–бир маҳсулот” тамойили асосида малиначиликни ривожлантириш ишлари бошланган.
— Томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш устидан ҳар чоракда мониторинг ўтказилади, – дейди Пискент тумани Навоий маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Даврон Икромов. — Ер майдонлари қаровсиз қолдирилган тақдирда берилган имтиёзлар бекор қилиниши, кредит маблағлари ажратилмаслиги ҳамда ер солиғи миқдори оширилиши мумкин. Шу боис, ҳар бир фуқаро ўзига бириктирилган ер майдонидан оқилона фойдаланиб, юқори ҳосилдорликка эришиши ва оиласи даромадини оширишга интилиши лозим.

Бугунги кунда Чиноз тумани Дўстлик, Бекобод тумани Маллабой, Тошкент тумани Чувалачи ва Ҳасанбой маҳаллаларида ижарага берилган ер майдонларида иссиқхоналар ташкил қилиниб, 70 фоизига баҳорги экинлар экилди. Бу саъй-ҳаракатлар бошқа ҳудудларда ҳам изчил давом эттириляпти. Мақсад экспортбоп ҳамда бозорда талаб кўп бўлган маҳсулотлар етиштиришдир. Бу эса минглаб оилаларнинг даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
А. Мусаев, ЎзА