Италия ва Марказий Осиё аграр инновацияни бирга ривожлантиради
Италия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида қишлоқ хўжалигида инновация, барқарор ривожланиш ва илмий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган жами 12 ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда “Italpress” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Европанинг ушбу йирик давлати Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва иқтисодиёти кенгаши – CREA иштирокида Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон бўйлаб ташкил қилинган расмий миссия давомида эришилган бундай йирик келишув “Инновация, регенератив қишлоқ хўжалиги ва агроэкотизимни барқарор ривожлантиришда рақамлаштириш” мавзусидаги халқаро форум доирасида қабул қилинган қўшма декларация билан уйғун тарзда амалга оширилмоқда.
Шунингдек, анжуман дастурига кўра, Евросиё университетлари ва илмий тадқиқот муассасаларининг иқлим барқарорлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда агротехнология бўйича альянси ташкил этилди. Ушбу платформа томонларни илмий марказ, университет ва молиявий институтлар шериклиги орқали ҳам бирлаштиради.
CREA ва Ўзбекистон илмий муассасалари ўртасида тасдиқланган англашув меморандумлари асосида қўшма тадқиқот олиб бориш, илғор агротехнологияни жорий этиш ва илмий салоҳиятни ошириш назарда тутилган.
Айни жараёнда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, экиннинг генетик салоҳиятини ошириш, боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш, ўсимликларни барқарор ҳимоя қилиш, чорвачилик ва суғориш тизимини такомиллаштириш, сув ва ер ресурсларини самарали бошқариш, шунингдек аниқ деҳқончилик ва рақамли мониторинг тизимини жорий этиш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилади.
Томонлар ҳамкорлик орқали қишлоқ хўжалигида технология ҳиссасини ошириш, янги тадқиқотчилар тайёрлаш, маҳсулот сифатини яхшилаш ва атроф-муҳитга таъсирни камайтиришни кўзламоқда.
Д.Ҳакимов, ЎзА