Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда таълим ва амалиёт интеграцияси кенгаймоқда
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.
Мазкур ҳужжат замонавий бозор муносабатлари шароитида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда таълим ва амалиёт интеграциясини таъминлаш мақсадида тузилди. Ҳамкорлик доирасида юридик таълим жараёнига амалий кўникмаларни кенг жорий этиш, соҳада қўшма илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ва аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, меморандумда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг амалий тажрибасини ошириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу келишув натижасида талабалар учун Федерация тизимида амалий тажриба орттириш имкониятлари кенгайиб, соҳадаги долзарб масалаларни илмий ва амалий жиҳатдан ҳал этиш учун мустаҳкам замин яратилади.
Мазкур ташаббус томонларнинг салоҳиятини бирлаштирган ҳолда, аҳолининг истеъмолчилик ҳуқуқлари бўйича хабардорлигини ошириш, уларни самарали ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда мамлакатда ҳуқуқий давлатчиликни ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим қадам ҳисобланади.
ЎзА