Ишчи гуруҳ Самарқандда
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбарияти ҳудудлардаги спорт инфратузилмаси ҳолатини ўрганиш мақсадида Самарқанд вилоятида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Миллий Паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева Самарқанд шаҳридаги Ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида бўлиб ўтаётган “Беш ташаббус паралимпиадаси” спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичи жараёнларини кузатди. Спортчилар ва уларнинг мураббийлари булан суҳбатлашилди.
Муассасага ташриф доирасида пара дзюдо бўйича жаҳон чемпионлари Улжаной Амриева, Кемран Нуриллаев ва уларнинг мураббийлари билан суҳбатлашилди.
Шунингдек, Самарқанд давлат педагогика институти ижтимоий фанлар факультети, жисмоний маданият ва спорт кафедраси спорт залида ташкил этилаётган машғулотлар, мажмуанинг ҳолати, яратилган имкониятлар ҳамда машғулотлар жараёни ўрганилди. Спорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф давомида масъуллар спортчи ёшлар билан учрашиб, уларнинг ютуқлари, машғулот жараёнлари ҳамда келгусидаги режалари билан қизиқди. Ёш спортчилар, талабаларнинг ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиш, юқори натижаларга эришиш йўлида қатъиятли бўлиш зарурлигини таъкидлади.
Республика ишчи гуруҳи Иштихон туманида ҳам ўрганиш ишларини амалга оширди. Хусусан, туманда аҳоли ўртасида оммавий спортни кенг тарғиб этиш ҳамда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, профессионал спортчиларни тайёрлаш, иқтидорли спортчиларни селекция қилиш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Ўрганиш давомида ишчи гуруҳ вакиллари жойларда яратилган шарт-шароитлар, мавжуд спорт инфратузилмаси, ёш спортчиларнинг машғулот жараёнлари билан яқиндан танишди.
Шунингдек, спорт мактаби шуғулланувчилари учун юқори натижага эришган спортчилар Навбаҳор Ҳамидова, Нигина Ўктамова иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди.
[gallery-29547]
Республика ишчи гуруҳи Самарқанд шаҳридаги яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолияти билан ҳам танишди.
Муассасада “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг иккинчи босқичи — “Ҳоким Олимпиадаси" доирасида бўлиб ўтаётган мусобақаларга эътибор қаратилди. Мусобақа иштирокчилари билан суҳбатда уларнинг мустақиллик байрами арафасида ўтказиладиган "Президент Олимпиадаси"да юқори натижаларни қўлга киритишларига ишонч билдирилди.
Ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳридаги 2-спорт мактабида спортнинг бадиий гимнастика, шахмат турлари бўйича ташкил этилаётган машғулотларни ҳам ўрганди. Ўрганиш жараёнларида вилоят ҳокими Адиз Бобоев иштирок этди.
Яқинда мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилган оғир атлетика зали спортчилар учун янада қулайлик яратиб, профессионал спортчиларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Ташриф доирасида шахмат бўйича жаҳон чемпиони Афрўза Ҳамдамова ҳамда оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Шарофиддин Амриддинов томонидан ёш ва умидли спортчилар учун маҳорат дарслари ташкил этилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари