Ишбилармон аёллар – Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим таянчи
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Хатирчи туман Кенгаши, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда туман Фермерлар кенгаши ҳамкорлигида “Ишбилармон аёл – 2026” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, муносиб иш ўринлари яратиш ҳамда бизнес ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада хотин-қизлар учун имтиёзли молиявий кўмак, касб-ҳунарга ўқитиш, замонавий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва оилавий бизнесни ривожлантириш борасида кенг имкониятлар яратилмоқда.
Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда тадбиркор ва фермер аёлларнинг ташаббусларини муносиб рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган танловга маҳаллаларда ўтказилган саралаш босқичларида энг юқори натижа кўрсатган 22 нафар иштирокчи ўз бизнес лойиҳалари, ишлаб чиқариш фаолияти ва эришган натижаларини тақдим этди.

Тадбир доирасида тадбиркор, фермер ва ҳунарманд аёллар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Кўргазмада миллий либослар, ҳунармандчилик буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган турли маҳсулотлар намойиш қилинди.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчилар фаолиятини қўшимча иш ўринлари яратиш, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, экспортбоп ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар сифати ва инновацион ғояларни амалиётга жорий этиш каби муҳим мезонлар асосида баҳолади.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринга “Гулистон истиқболи – 2019” оилавий корхонаси раҳбари Чарос Нурманова, 2-ўринга якка тартибдаги тадбиркор Башорат Мамаражабова ва 3-ўринга тадбиркор Юлдуз Исматова лойиқ деб топилди.
– Бугунги кунда фермер хўжалигимизда 25 гектар майдонда узумчилик, боғдорчилик, чорвачилик ва паррандачилик йўлга қўйилган, – дейди танлов ғолиби Чарос Нурманова. – Хўжаликда 20 нафардан ортиқ доимий ҳамда 50 нафардан зиёд мавсумий ишчи меҳнат қилмоқда. Шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик натижасида узум майизи ва ёнғоқ маҳсулотлари экспорт қилиниб, маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлиги ортиб бормоқда. Келгусида асаларичилик ва балиқчилик йўналишларини йўлга қўйиш орқали янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири