“Инвесторлар куни”: ҳудуд тараққиётига янги қадам
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида АТ “Алоқа банк” ташаббуси билан “Инвесторлар куни” тадбири доирасида ёшлар ва инвесторлар учрашуви ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, ёшларнинг тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ўз бизнес лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган.
Ёш тадбиркорларнинг фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида АТ “Алоқа банк” таянч “Ёшлар банки” этиб белгиланди.
Айни пайтда “Ёш тадбиркорлар” рақамли платформаси ишга туширилиб, у орқали ёшлар тайёр бизнес режалардан фойдаланиши ёки сунъий интеллект ёрдамида ўз бизнес режасини шакллантириши, шунингдек, имтиёзли кредитлар учун ариза топшириши мумкин.
[gallery-28383]
“Бизнесга биринчи қадам – ёшлар учун” лойиҳаси доирасида ўзини ўзи банд қилган ёшларга 100 миллион сўмгача узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.
“Ёшлар учун иш ўринлари” лойиҳаси доирасида банк томонидан якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритаётган ёшларга камида 3 та янги иш ўрни яратиш шарти билан 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилмоқда. Шунингдек, масъулияти чекланган жамият шаклида фаолият юритаётган ёш тадбиркорларга камида 20 та янги иш ўрни яратиш шарти билан 5 миллиард сўмгача, 18 фоиз ставкада, 7 йилгача муддатга кредитлар берилмоқда. Бунда 3 ой фоиз тўловларидан ва 2 йилгача асосий қарз тўловларидан имтиёзли давр белгиланган.
AloqaVentures венчур фонди орқали ёшлар стартапларига инвестициялар киритилмоқда. 2025-2027 йиллар давомида стартапларга 300 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 37 та стартапга 30,7 миллиард сўм инвестиция йўналтирилиб, 4500 нафар ёш иш билан таъминланган.
Стартап гаражлар ва менторлик дастурлари доирасида 305 та стартап резидент мақомини олган бўлиб, улар орқали 1 528 нафар ёш бандлиги таъминланган.
– Навоий вилоятида дастур доирасида 6 минг нафардан ортиқ ёш қамраб олинди. Уларнинг 561 та лойиҳасига жами 73,8 миллиард сўм кредит ажратилди, 841 нафар ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланди, – дейди АТ “Алоқа банк” Навоий ҳудудий комплекс хизматлар кўрсатиш маркази директори Сардор Камолов. – Шунингдек, “Бизнесга биринчи қадам – ёшлар учун” лойиҳаси доирасида 488 нафар ёшга 28,3 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Айни пайтда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшларнинг 88,8 миллиард сўмлик 102 та лойиҳаси ўрганилмоқда. Бундан ташқари, 1 222 нафар ёш кредит скорингидан ўтказилиб, шундан 614 нафари ижобий натижага эришди, қолганларга эса турли сабабларга кўра рад жавоби берилди.
Ушбу “Инвесторлар куни” тадбири давомида ёш стартапчилар қатор истиқболли инвестиция лойиҳаларини тақдим этди. Уларнинг аксарияти саноат маҳсулотларини қайта ишлаш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
– Бугунги учрашувда ўз стартап лойиҳамни тақдим этдим, – дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети 4-босқич талабаси Диёрбек Ўктамов. – Маълумки, юртимизда деҳқон ва фермерлар етиштирган маҳсулотларини сотишда айрим қийинчиликларга дуч келади. Айниқса, мўл ҳосил етиштирилганда маҳсулот ўз вақтида сотилмагани сабабли исроф бўлади. Шунингдек, бозорга етказиш ва ижара харажатлари ҳам муаммо туғдиради. Биз жамоамиз билан ушбу муаммоларга ечим сифатида “Онлайн бозор” лойиҳасини ишлаб чиқдик. Унда фермер ва деҳқонлар ўз маҳсулотларини уйдан туриб жойлаштириши ва мижоз топиши мумкин. Шу билан бирга, платформада маҳсулотлар статистикаси юритилади. Қайси ҳудудда қайси маҳсулот қанча етиштирилаётгани, талаб ва таклиф ҳолати таҳлил қилиниб, прогнозлар тақдим этилади.
Бу каби ташаббуслар келгусида ҳудудда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари