Адлия кўмагида 23 минг нафардан ортиқ фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди
Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
2025 йилда адлия соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат хизматлари кўрсатиш, норматив-ҳуқуқий базани изчил ривожлантириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилгани қайд этилди.
Хусусан, вазирлик ташаббуси билан 258 норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилди ҳамда аҳолидан талаб этиладиган 30 турдаги ҳужжатни тақдим этиш амалиёти бекор қилинди. “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишда бир вақтнинг ўзида 7 хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, “проактив қонунчилик” тамойили жорий этилиб, тадбиркорлик субъектларини янги ҳужжатлар ҳақида автоматик хабардор қилиш тизими ишга туширилди ҳамда 1,6 мингта мажбурий талаб бекор қилинди.
Тартибга солиш таъсирини баҳолаш доирасида 2 минг 385 ҳисобот кўриб чиқилиб, “тартибга солиш гильотинаси” усули орқали ўз аҳамиятини йўқотган 738 норматив-ҳуқуқий ҳужжат бекор қилинди.
[gallery-28391]
Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида йил давомида бир миллиондан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилди. Унда инсон ҳуқуқлари, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ҳуқуқлари ҳамда коррупцияга қарши курашиш масалалари кенг қамраб олинди. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали юз минглаб материаллар эълон қилиниб, “Ҳуқуқий тарғибот куни” ҳамда “Ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга” лойиҳалари доирасида аҳолининг долзарб муаммолари бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Шу билан бирга, “Lex AI” сунъий интеллект платформаси жорий этилди. “Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси доирасида 1,8 миллионга яқин хонадон ўрганилиб, аниқланган 1,1 миллион ҳуқуқий муаммонинг 97 фоизи ижобий ҳал этилди.
Натижада 23 минг нафардан ортиқ фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, судларга киритилган 6 минг 224 даъво ариза асосида фуқаролар фойдасига 229 миллиард сўм маблағ ундирилди.
Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 2025 йилда 61 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилиб, аҳолининг чекка ҳудудлари учун 1,1 миллиондан ортиқ сайёр хизматлар ташкил этилди. Проактив ва композит хизматлар сони кенгайтирилиб, мос равишда 22 та ва 88 тага етказилди. Хизмат кўрсатиш муддати сезиларли даражада қисқартирилиб, давлат хизматлари марказларида 10 дақиқадан 4 дақиқагача, ФҲДЁ органларида эса 7 дақиқадан 5 дақиқагача камайтирилди.
Нотариат соҳасида талаб этиладиган ҳужжатлар ҳажми 95 фоизга қисқартирилиб, 16 турдаги хизматларни онлайн расмийлаштириш йўлга қўйилди.
Натижада йил давомида 299 мингдан ортиқ онлайн нотариал ҳаракатлар амалга оширилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 4 бараварга ошди. Интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тизими кучайтирилиб, объектларни рўйхатдан ўтказиш тартиблари соддалаштирилди ҳамда халқаро ҳамкорлик доирасида Корея Республикаси билан 9,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант лойиҳаси амалга оширилмоқда.
“Контрафактсиз ой” ва “Санъат ва ижод ҳимояси” тадбирлари доирасида профилактик ишлар кучайтирилиб, муаллифлар фойдасига компенсациялар ундирилиши таъминланди.
Юридик кадрларни тайёрлаш тизимида рақамлаштириш ишлари изчил давом эттирилиб, “E-universitet” платформаси орқали барча жараёнлар автоматлаштирилди. Шу билан бирга, “Рақамли ҳуқуқ” ҳамда “Корпоратив ҳуқуқ ва бошқарув” каби янги таълим йўналишлари жорий этилиб, 227 умумтаълим мактабида “Ҳуқуқ синфлари” ташкил этилди. “Ҳуқуқ мактаби” мобиль иловаси орқали эса 90 мингга яқин фойдаланувчиларнинг ҳуқуқий билимлари оширилди.
Н.Абдураимова, О.Пардаев (сурат), ЎзА