Инновацион пахта териш машинаси синовдан ўтказилмоқда
Ангор туманидаги “Замин Ангор кластер” масъулияти чекланган жамияти пахта даласида Хитойда ишлаб чиқарилган "Boshiran 7419" русумли инновацион пахта териш машинасини синовдан ўтказиш бошланди.
Замонавий, янги тўрт қаторли терим машинаси бир кунда ўртача 50 тонна пахта ҳосилини териш қувватига эга.


Пахта даласида ўтказилган дастлабки синов жараёнида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, туман ҳокими Қосим Мардонов ва бир гуруҳ тажрибали қишлоқ хўжалиги ходимларига хитойлик мутахассислар замонавий терим агрегатининг афзалликлари хусусида атрофлича маълумот берди. Янги терим машинасининг самарадорлиги ва иш унумдорлигини кўздан кечирган вилоят раҳбари ундан яна келтириш, келгуси йил ғўза қатор ораларини терим машиналарига мослаштириш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
Жорий йилда Ангор тумани пахтакорлари 4 минг 734 гектар майдонда ғўза парваришлаб, мўл ҳосил тўплади. Айни пайтда йиғим-терим қизғин давом этаётир. Туман пахтакорлари мавжуд майдонлардан 18 минг 535 тоннадан ортиқ сифатли хом ашё йиғиштириб олишни мўлжалламоқда.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири