Ҳурмуз бўйича музокарага Жанубий Корея ҳам қўшилди
“Yonhap” ахборот агентлиги ёзишича, Жанубий Корея Франция ташаббуси билан уюштирилаётган Ҳурмуз бўғози бўйича халқаро ҳарбий мулоқотга қўшилишини маълум қилган. Видео алоқа шаклида ўтадиган учрашувда мамлакат Қўшма штаби бошлиғи қатнашади.
Мазкур ташаббус минтақадаги кескин вазият шароитида денгиз орқали ҳаракатни тиклашга қаратилган. Расмийлар Ҳурмуз орқали хавфсиз ҳаракат жаҳон иқтисодиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда.
Айни пайт бўғоз деярли ёпиқ ҳолатга келиб қолгани сабаб, жуда кўп кема йўлда тўхтаб қолган. Жанубий Корея ҳукумати вазиятни яқиндан кузатаётгани, тегишли давлатлар билан доимий алоқада эканини билдирди. Шу тариқа денгиздаги хавфсизликни таъминлаш ва юк ташишни тиклаш мақсад қилинган. Франция эса бу борада халқаро ҳамкорликни фаоллаштиришга ҳаракат уриняпти.
Дарвоқе, Эрон Корея Республикаси кемаларига рухсат берилиши, фақат бу олдиндан келишув орқали амалга ошишини таъкидлаган. Теҳрон Сеулдан тўхтаб қолган кемалари ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этишни сўраган. Ҳозир Жанубий Кореяга қарашли 26 кема ва экипаж аъзолари – тахминан 180 киши бўғозда қолиб кетган. Эрон уларни душман сифатида кўрмаслиги ва шу билан бирга назорат ҳам зарурлигини айтган.
Сеул бу талабни хавфсизликка оид ҳамкорлик шарти сифатида баҳолаб, музокарани давом эттирмоқда. Осиё мамлакати ташқи ишлар вазири Эронни кескинликни юмшатиш, эркин ҳаракатни таъминлашга чақирган. Бинобарин, ҳаракатни тўлиқ тиклаш масаласи ҳамон очиқ. Мутахассислар вазият ўзгармаса, глобал таъминот занжири жиддий таъсирга учрашидан хавотирланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА