Ховар: 2027 йил Душанбеда яна бир халқаро конференция ўтказилади
"Ховар" миллий ахборот агентлиги Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Келажак авлодлар учун тинчликни мустаҳкамлаш бўйича халқаро ўн йиллик, 2027-2036 йиллар” резолюцияси қабул қилиниши муносабати билан билдирган фикрини эълон қилди.
Қайд этилишича, 2027 йил Миллий бирлик куни 30 йиллиги арафасида Душанбе шаҳрида БМТ ва ҳамкор давлатлар иштирокида юқори даражали халқаро конференция ўтказиш режалаштирилган. Тадбирда мазкур халқаро ўн йилликка старт берилиши кутилмоқда.
Тожикистон раҳбари ушбу резолюция халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик маданиятини кенг ёйиш, ҳозирги ва келажак авлодлар учун хавфсиз дунё барпо этишга хизмат қилишига ишонч билдирган.
Мақола ЎзА ва “Ховар” миллий ахборот агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик келишувига мувофиқ тайёрланди.
Д.Ҳакимов, ЎзА