Хорижда ўқиш орзу эмас, стратегия…
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшларнинг халқаро таълим майдонига чиқиши давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланаётган муҳим йўналишлардан бирига айланди. Авваллари фақат айримлардагина мавжуд бўлган нуфузли хорижий университетларда таҳсил олиш имконияти бугун минглаб иқтидорли йигит-қизлар учун аниқ мақсад, пухта режага асосланган йўлдир.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, замонавий билим ва технологияни ўзлаштирган мутахассислар қатламини шакллантириш вазифаси ётади. Шу нуқтаи назардан хорижий таълим дастурлари нафақат муайян шахснинг ривожланиши, балки бутун мамлакат тараққиёти учун стратегик аҳамият касб этмоқда.
Бугун ёшлар учун турли давлат идоралари, халқаро ташкилотлар томонидан тақдим этилаётган грант, стипендия ва академик алмашинув дастурлари кўлами тобора кенгаймоқда. Айниқса, давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти орқали иқтидорли ватандошларга дунёнинг етакчи университетларида бакалавриат, магистратура, докторантура ва малака ошириш дастурларида таҳсил олиш имкони яратилган.
Ушбу тизимнинг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, хорижда таълим олиш фақат диплом қўлга киритиш эмас. Яъни, бундай ёшларимизда замонавий бошқарув, рақамли технология, сунъий интеллект, иқтисодиёт, давлат хизмати, таълим каби муҳим соҳаларда ўзлаштирилган илғор тажрибани мамлакат ривожига йўналтириш имкони бор.
Мутахассислар фикрича, бугунги кунда халқаро таълим майдонида рақобатга киришиш учун яхши баҳонинг ўзи етарли эмас. Муайян чет тилини мукаммал билиш, рақамли кўникма ҳосил қилиш, илмий ва ижтимоий фаол позиция эгаллаш, ўз олдига аниқ мақсад қўйиш ҳамда етакчилик қобилиятини намоён этиш ҳам жуда муҳим. Шу боис кўплаб ёшлар таълим олиш баробарида замонавий технология ва таҳлилий фикрлаш кўникмасини ҳам ривожлантиришга интилаётир.
Халқаро тажриба кўрсатмоқдаки, билимли ва ташаббускор кадрлар мамлакатнинг энг муҳим стратегик ресурси ҳисобланади. Демак, хорижда таҳсил олган ёшларнинг давлат бошқаруви, иқтисодиёт, рақамлаштириш, инновация сингари устувор йўналишлардаги иштироки Янги Ўзбекистон тараққиётини таъминлайдиган муҳим омиллардан бири сифатида баҳоланмоқда.
ЎзА мухбири хорижда таълим олиш имконияти, стипендия ютиш учун зарур омиллар, рақамли кўникманинг аҳамияти ва чет эл тажрибасини ўлкамиз ривожига йўналтириш масалалари ҳақида “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати, Амстердамда таҳсил олган, айни пайт жамғарманинг Рақамлаштириш ва ахборот-таҳлил бошқармаси бош йўриқчиси Қаҳрамон Бектемиров билан суҳбатлашди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Vy5VT2rGL_g" title="Xorijda o‘qish orzu emas, strategiya…" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё, Аслиддин Алижонов (видео), ЎзА