Ходим ўз ишига қайта тикланди
“Қорақалпоқ сув таъминоти” акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган фуқаро Б.Б. 2026 йилнинг 5 январь куни асоссиз равишда ишдан бўшатилган.
Адолатни тиклаш мақсадида, у фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига мурожаат қилган ва суд унинг даъвосини тўлиқ қаноатлантирди. Жумладан, даъвогарни “Қорақалпоқ сув таъминоти” акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи лавозимига жорий йил 5 январдан ишга қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунга қарамасдан жавобгар ташкилот томонидан суд қарори ижроси таъминланмаган.
Даъвогар суд қарори асосида чиқарилган ижро варақани Мажбурий ижро бюроси Тахтакўпир туман бўлимига топширган. Бўлим давлат ижрочиси шу куннинг ўзида жавобгар ташкилот раҳбариятига суд қарори ижроси таъминланиши шартлиги, акс ҳолда уларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди. Шунинг натижасида, даъвогар Б.Б. “Қорақалпоқ сув таъминоти” акциядорлик жамияти директорининг 2026 йил 15 майдаги буйруғига асосан ўзининг аввалги иш ўрнига қайта ишга тикланди ва суд қарори ижроси амалда таъминланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.