Янги тиббиёт муассасалари фойдаланишга топширилди
Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда уларнинг ҳудудий қамровини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимини такомиллаштириш ва тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўзининг амалий самарасини бермоқда. Ана шу ислоҳотлар самараси ўлароқ Сирдарё вилоятининг Сайхунобод ва Мирзаобод туманларида янги тиббиёт муассасаларининг фойдаланишга топширилиши мазкур эзгу ишлар давомийлигининг амалий ифодаси бўлди.
Сайхунобод туманининг Нуробод, Нурли йўл ва Ўрикзор маҳаллаларида янги оилавий поликлиника филиалларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Комилжон Муллажанов, туман прокурори Бекмурод Қурбонов, соғлиқни сақлаш тизими масъуллари, нуронийлар, тиббиёт ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган мазкур филиалларда шифокорлар қабул хоналари, лабораториялар, аёллар ва болалар саломатлиги бўлимлари, эмлаш хоналари ҳамда тез тиббий ёрдам хизматлари ташкил этилган. Электрон навбат тизимининг жорий этилиши аҳолининг вақтини тежаш, тиббий хизматлардан фойдаланиш жараёнини янада қулай ва шаффоф ташкил этиш имконини бермоқда.
Мирзаобод туманида ҳам аҳоли учун муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган тиббиёт объектлари фойдаланишга топширилди. Туманнинг Оқолтин ва Тошкент маҳаллаларидаги оилавий шифокорлик пунктлари капитал таъмирдан чиқарилиб, замонавий қиёфа касб этди.
[gallery-29812]
Ушбу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди. Лойиҳа учун ҳар бир муассасага 1,5 миллиард сўмдан, жами 3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Натижада Тошкент маҳалласида яшовчи 7 минг 700 нафар ва Оқолтин маҳалласида истиқомат қилаётган 4 минг нафар аҳоли учун сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайди. Шу билан бирга, тиббиёт ходимлари учун ҳам замонавий меҳнат шароитлари яратилди.
Ҳар бири 50 қатновга мўлжалланган мазкур оилавий шифокорлик пунктларида шифокорлар қабул хоналари, лабораториялар, аёллар ва болалар саломатлиги бўлимлари, эмлаш ва тез тиббий ёрдам хоналари фаолият юритади. Электрон навбат тизими жорий этилгани эса тиббий хизматларнинг самарадорлиги ва очиқлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тадбирда иштирок этган Мирзаобод тумани ҳокимининг ўринбосари Сирожиддин Кенжаев аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
– Янги ва замонавий тиббиёт муассасаларининг фойдаланишга топширилиши аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада оширади. Энг муҳими, инсонлар ўз яшаш ҳудудида туриб малакали тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилади, – деди у.
Лойиҳа буюртмачиси сифатида “Ягона буюртмачи хизмати” давлат муассасаси иштирок этган бўлиб, лойиҳа-смета ҳужжатлари “Sharo‘ Projekt New” MChJ томонидан ишлаб чиқилди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари эса “Shoxrux-Demirbek” MChJ томонидан амалга оширилди.
Очилиш маросимларида қатнашган нуронийлар ва маҳалла фаоллари аҳоли манфаатларини таъминлаш, тиббиёт соҳасини модернизация қилиш ва инсон саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган бундай эзгу ишлар мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигига хизмат қилишини таъкидладилар.
Сайхунобод ва Мирзаобод туманларида янги тиббиёт муассасаларининг ишга туширилиши аҳолига сифатли тиббий хизматларни янада яқинлаштириш, профилактика ишларини кучайтириш ҳамда соғлом жамиятни шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА