Ҳерманн Парцингер: “Ўзбекистон – маданиятларнинг мафтункор чорраҳаси”
Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий мероси мамлакатимизнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги муҳим ўрнини яққол намоён этади. Хусусан, археология йўналишидаги халқаро илмий алоқалар қадимий маданиятлар ва цивилизациялараро муносабатларни чуқур ўрганиш, юртимизнинг ноёб меросини дунё миқёсида кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда тайёрланаётган “Ўзбекистон – Германия: 35 йиллик тараққиёт ва ҳамкорлик” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони – таниқли немис археологи ва тарихчиси, “Берлин пойтахт маданияти” жамғармаси куратори, “Пруссия маданий мероси” жамғармасининг собиқ президенти, профессор Ҳерманн Парцингер.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган интервьюда профессор Ҳерманн Парцингер юртимиз билан кўп йиллик илмий алоқалари, мамлакатимизнинг Марказий Осиё тарихидаги ўрни, археология ва маданий меросни ўрганиш борасидаги ҳамкорлик, шунингдек, икки давлат ўртасида илм-фан соҳасидаги муносабатларни янада ривожлантириш истиқболларига тўхталиб ўтди:
– Мустақилликнинг 35 йили ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон тарихида муҳим ва салмоқли бир даврни ифода этади. Бугунга келиб мамлакат Марказий Осиёдаги муҳим давлатлардан бирига айланди. Айни пайтда Европа ва Россия ўртасидаги геосиёсий таранглик кучайиб бораётган бир шароитда Ўзбекистоннинг аҳамияти, жумладан, томонлар ўртасида мулоқот ва воситачиликни таъминлашдаги роли янада ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Евроосиё тарихида азалдан муҳим сиёсий, маданий ўрин эгаллаб келган. Шу нуқтаи назардан, мамлакатингиз Германия ва Европанинг бошқа давлатлари билан мустаҳкам маданий ҳамда илмий алоқаларни ривожлантириб келаётгани ниҳоятда муҳим ва ижобий аҳамиятга эга.
1995 йилда илк бор юртингизга ташриф буюрганим, Тошкент ва Самарқанддаги университетлар ҳамда Ўзбекистон Фанлар академиясининг археологлари, маданиятшунос олимлари билан илмий ҳамкорлик ўрнатганим ҳали-ҳануз ёдимда. 1997-1999 йилларда, ўша пайтда Берлиндаги Германия Археология институтининг Евроосиё бўлими директори сифатида, Бохумдаги Германия кончилик музейи, Фрайберг кончилик академияси мутахассислари ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институтидаги ҳамкасбларимиз билан биргаликда мамлакат ҳудудида тадқиқотлар олиб боргандик.
Бу тадқиқотлар давомида Қадимги дунёнинг илк даврларда хомашё билан таъминланишига оид муҳим бир масалани ойдинлаштиришга муваффақ бўлдик. Самарқанд ва Бухоро ўртасидаги йўлнинг тахминан ярмида, Зарафшон водийсида жойлашган Карнаб ҳудудидаги қадимий кончилик масканида археологик тадқиқотлар олиб бордик. Натижада у ерда милоддан аввалги II минг йиллик бошларига мансуб, яъни ўрта бронза даврида амалга оширилган қалай кончилигининг излари борлигини илк бор аниқладик. Бу ўша давр археологияси учун ҳақиқий сенсация эди.Чунки бронза ишлаб чиқариш учун зарур бўлган қалайнинг қаердан олингани масаласи узоқ вақт давомида олимлар учун мавҳум бўлиб келмоқда эди.
Дарҳақиқат, мен ўзбекистонлик олимлар ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни 1990-йилларнинг бошларидаёқ йўлга қўйишга муваффақ бўлганман. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кўп ўтмай, жамият ва давлат ҳаётида туб ўзгаришлар кечаётган ўша мураккаб даврда мамлакат, жумладан, илмий-тадқиқот муассасаларини сақлаб қолиш ва уларни молиялаштириш борасида ҳам жиддий синовларга дуч келганди. Мамлакат бу синовларни муваффақиятли енгиб ўтиб, турли илмий йўналишларда кўплаб халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйди ва шу тариқа илм-фан соҳасида халқаро ҳамкорликнинг муҳим ва нуфузли иштирокчисига айланди.
Бугунги кунда Марказий Осиёнинг археологияси ва маданият тарихига оид тадқиқотларни Ўзбекистон олимларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу, аввало, унинг ноёб географик жойлашуви ва ҳудудий кўлами билан боғлиқ. Мамлакат Орол денгизидан Афғонистон чегарасидаги Окс (Амударё) дарёсигача, Фарғона водийси ва Тошкент воҳасидан Қизилқум чўлларигача бўлган улкан ҳудудни қамраб олади. Негаки, у ўзига хос маданий ва тарихий анъаналарга эга бўлган бир-биридан фарқли маданий маконлардан иборат. Шу маънода, Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги маданий таъсирлар туташган ноёб чорраҳа вазифасини бажаради.
2024 йилда Берлин музейлар оролида намойиш этилган Ўзбекистоннинг археологик хазиналарига бағишланган ажойиб кўргазма мамлакатнинг Марказий Осиё ва ундан кенгроқ минтақадаги беқиёс тарихий аҳамиятини ниҳоятда таъсирчан тарзда намоён этди ва ушбу бой меросни кенг жамоатчиликка етказди.
2023-2024 йилларда Берлин Музейлар оролидаги “Жеймс Симон галереяси” ва “Янги музей”да ўтказилган Ўзбекистоннинг археологик хазиналарига бағишланган “Македониялик Искандардан то Кушонлар салтанатигача” номли ажойиб кўргазма мамлакатнинг Марказий Осиё ва унинг сарҳадлари ортидаги ҳудудлар тарихидаги ўзига хос беқиёс тарихий аҳамиятини ниҳоятда таъсирли тарзда намойиш этди ва ушбу улкан тарихий-маданий меросни кенг жамоатчиликка янада яқинроқ таништирди.
Археология азалдан халқаро ҳамкорликка таянган фан бўлган ва шу сабабли унинг тараққиёти ҳам турли мамлакат олимлари ўртасидаги илмий ҳамкорликка боғлиқ. Бунинг аҳамияти шундаки, қадимги маданиятлар ва цивилизациялар тарқалган ҳудудлар бугунги давлатларнинг сиёсий чегараларига мос келмайди. Шу боис археология соҳасида халқаро ҳамкорликнинг муқобили мавжуд эмас. Бундай ҳамкорлик илмий методлар ва ёндашувлар, назарий-концептуал қарашлар, шунингдек, олимлар ва талабалар ўртасида билим ҳамда тажриба алмашинуви учун кенг имкониятлар яратади. Жаҳон миқёсидаги юксак илмий тадқиқотларни халқаро ҳамкорликсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу, айниқса, археология ва бошқа маданиятшунослик соҳалари учун ниҳоятда муҳим.
Мамлакатни бир сўз билан ифода этиш имконияти берилса, “Ўзбекистон – маданиятларнинг мафтункор чорраҳаси” деган бўлар эдим.
Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Ўзбекистоннинг Германия ва Европа билан яқин, ишончли ва қадрли ҳамкорлиги абадий бўлсин! Илм-фан ва маданиятнинг барча соҳаларидаги ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланиб, тобора кенгайиб борсин!
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА