Хавфсизликка хизмат қилувчи замонавий маскан
Жамоат хавфсизлигини таъминлашда инфратузилмани мустаҳкамлаш, ички ишлар органларининг моддий-техника базасини замон талаблари асосида янгилаш аҳоли осойишталиги ва давлат хизматлари самарадорлигини оширишнинг муҳим омили ҳисобланади. Зомин туманининг Дуоба маҳалласида барпо этилаётган янги ички ишлар органлари биноси ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Ғайрат Қодиров Зомин туманининг Дуоба маҳалласида барпо этилаётган ички ишлар органлари учун мўлжалланган янги маъмурий бино қурилиши лойиҳаси билан танишди.

Ташриф давомида мутасаддилар қурилиш ишларининг бугунги ҳолати, бинонинг жойлашуви, хизмат хоналарининг функционал ечими, муҳандислик-коммуникация тармоқларини барпо этиш ҳамда ҳудудни ободонлаштириш ишлари юзасидан батафсил ахборот берди. Шунингдек, лойиҳада кўзда тутилган замонавий шароитлар, хизмат фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ечимлар ва келгусида амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, замонавий талаблар асосида барпо этилаётган мазкур бино ҳудудда жамоат тартибини таъминлаш, фуқароларнинг хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Айниқса, сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган ҳудудларда ҳуқуқ-тартиботни ишончли таъминлаш, тезкорлик ва самарадорликни кучайтиришда ушбу объектнинг аҳамияти юқори экани қайд этилди.

Янги бинонинг қурилиб фойдаланишга топширилиши ички ишлар органлари ходимлари учун муносиб ва қулай меҳнат шароитларини яратиш, хизматни ташкил этиш сифатини янги босқичга кўтариш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз.

.Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири