Франция Фаластин давлатини тан олади
Президент Эммануэль Макрон Франция сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида Фаластин давлатини расман тан олишини билдирди ва шу тариқа G7 гуруҳидаги шундай қарор қабул қилган биринчи давлатга айланди.
BBC хабарига кўра, тегишли баёнотда Ғазодаги урушни тўхтатиш, бегуноҳ аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш, гаровга олинганларни озод қилиш ҳамда Фаластин давлати демилитаризацияси орқали минтақада барқарор тинчликни таъминлаш зарурлиги қайд этилган. Шунингдек, Франция ҳар доим Яқин Шарқда адолатли ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишини ёқлаб келгани ҳам эслатилган.
Фаластин расмийлари бу қарорни олқишлаб, ташаббусни халқаро меъёр ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига ҳурмат сифатида баҳолади. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Макроннинг қарорини “терроризмни мукофотловчи қадам” деб атади, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио эса “масъулиятсизлик”ка йўйди.
Ҳозиргача 140 дан зиёд БМТга аъзо давлат Фаластинни тан олган. Европа Иттифоқи доирасида Испания, Ирландия каби айрим мамлакатлар бундай қарорни илгарироқ эълон қилган.
БМТ ва халқаро нодавлат ташкилотлар огоҳлантиришича, Ғазода болалар ўртасида озиқ-овқат танқислиги ва очарчилик кескин кучаймоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА