Европа Иттифоқи рақамли платформани ишга туширмоқда
Европа Иттифоқи ҳудудида яшовчи фуқаролар учун янги платформа ишга туширилади.
Минтақа аҳолиси энди Европадаги конференцияларда онлайн иштирок этиши мумкин бўлади.
Муҳим қарорларни жорий қилишга қаратилган ушбу дастур пандемия давридаги мунозаралардан сўнг йўлга қўйиляпти. Платформа ЕИдаги 24 та расмий тилни ўз ичига олган. Алоқани таъминлаш учун хабарлар автоматик равишда таржима қилинади.
Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен баёнот беришича, тармоқ европаликларга сўз эркинлиги бериш ва уларнинг муаммоларини ҳал этишга ёрдам беради. Шунингдек, иштирокчилар Европа Иттифоқи фуқаролари билан фикр алмашиш ҳамда мунозаралар олиб бориш имконини қўлга киритади. Конференцияда иқлим ўзгариши, соғлиқни сақлаш ва рақамли трансформация каби ўнлаб мавзулар муҳокама қилинади.
Хабарларга кўра, платформа 9 майдан ишга тушади. Йиғилиш Европа Комиссияси, Европа Парламенти ва Европа Кенгаши аъзолари иштирокида ўтказилади.
ЕИ вакиллари фуқаролар, айниқса, ёшларга ушбу умумевропа демократик машғулотларида қатнашишини сўрамоқда. Миллий парламентлар, минтақавий ҳокимият органлари, фуқаролик жамияти ва ижтимоий ташкилотлар ҳам иштирок этиши талаб қилинади.
Ҳозирча конференция билан боғлиқ барча тадбирлар пандемия туфайли гибрид форматда ўтиши маълум бўлди.