Ереванда норозилик, чегарада беқарорлик
Чоршанба оқшомидан бери мухолифат кайфиятидаги минглаб фуқаролар Бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилиб, Арманистон парламенти биноси яқинидаги марказий Баграмян кўчасини тўсиб қўйишда давом этмоқда. Норозилик акцияси маҳаллий порталлар томонидан жонли равишда намойиш этилмоқда.
Эътиборлиси, акция сиёсий мухолифат партиялари томонидан ташкил этилмаган, сиёсий кучлар етакчилари сафда кўринмаяпти. Бунга параллел равишда ҳукумат биноси яқинида юзлаб фуқаролар норозилик акциясини ўтказишди.
Аввалроқ парламентдаги чиқишида Пашинян халқ унинг истеъфосини талаб қилса ҳам қийин қарор қабул қилишга ва Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигини таъминлайдиган ҳужжатга имзо чекишга тайёрлигини айтган эди. Шундан кейин Ереван аҳолиси шаҳар кўчаларига чиқиб, ҳукумат ва парламент бинолари яқинида стихияли норозилик намойишларини бошлаган эдилар.
Пашинян чегара ҳудудидаги беқарорлик билан боғлиқ вазият туфайли Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитида иштирок этолмаслигини маълум қилган. Бу ҳақда Арманистон ҳукумати матбуот хизмати баёнотига таяниб, “Armenpress” хабар берди.