Энергия ресурсларини талон-торож қилганларга чора кўрилди
Электр энергияси — мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли турмуш фаровонлигини таъминловчи энг муҳим стратегик ресурслардан бири ҳисобланади. Уни тежамкорлик билан ишлатиш ва қонунчилик талабларига риоя қилиш ҳар бир истеъмолчининг бурчи саналади. Афсуски, айрим ҳолатларда шахсий манфаатни устун қўйиб, электр тармоқларига ноқонуний уланиш орқали давлат ва жамият манфаатларига катта зарар етказиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди.
Бухоро вилоятида ўтказилган навбатдаги назорат тадбирлари ана шундай йирик қонунбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилди.
Текширувлар давомида Бухоро шаҳрида фаолият юритаётган корхоналардан бири электр таъминоти тармоғига яширинча уланиб, ҳисобга олиш ускуналарини четлаб ўтган ҳолда электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланди. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қонунбузарлик оқибатида 1 миллиард 639 миллион сўмлик электр энергияси ноқонуний истеъмол қилинган.
Шунингдек, Жондор туманида жойлашган балиқчилик хўжалигида ҳам электр энергиясидан қонунга зид равишда фойдаланиш ҳолати фош этилди. Бу ерда етказилган зарар миқдори 505 миллион сўмни ташкил этган.
Шундай қилиб, ҳар икки ҳолат бўйича давлат манфаатларига етказилган умумий зарар 2 миллиард 100 миллион сўмдан ошди. Аниқланган қонунбузарликлар юзасидан тегишли ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш ва қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Энергия ресурсларини талон-торож қилиш бир қарашда айрим шахсларга манфаат келтиргандек туюлиши мумкин. Аслида эса бундай ноқонуний ҳаракатлар электр тармоқларида юкламанинг ортишига, узилишлар келиб чиқишига, ҳалол тўлов қилаётган истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишига ва давлат иқтисодиётига катта зарар етказилишига сабаб бўлади.
Электр энергиясига нисбатан масъулиятли муносабат — бу нафақат қонун талаби, балки жамият олдидаги фуқаролик бурчидир. Ҳар бир аниқланган қонунбузарликка муросасиз муносабат билдирилиши мамлакатда адолат ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири