Тадбиркор фойдасига 323 миллион сўм қарздорлик ундирилиши белгиланди
Сўнгги йилларда тадбиркорлик субъектларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш ва асоссиз аралашувларнинг олдини олиш борасида бир қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Тадбиркорлардан келиб тушаётган ҳар бир мурожаат реал вазиятни чуқур таҳлил қилиш, соҳадаги тизимли масалаларни олдиндан аниқлаш ва уларга нисбатан энг мақбул ечимларни ишлаб чиқишда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Хусусан, Бизнес-омбудсманга Андижон вилоятининг Балиқчи тумани ва Андижон шаҳридаги таълим муассасалари объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарган тадбиркор бажарилган ишлар учун ҳақ тўлиқ тўлаб берилмаганидан норози бўлиб, мурожаат қилди.
Аниқланишича, жамият ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси ўртасида жами 7,8 миллиард сўмлик пудрат шартномалари тузилган. Шунга қарамай, бажарилган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 323 миллион сўм миқдоридаги қарздорлик тадбиркорнинг бир неча бор қилган мурожаатларига қарамай бартараф этилмаган.
Бизнес-омбудсман томонидан ҳолат ўрганилиб, тадбиркор манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида мазкур қарздорликни ундириш юзасидан Андижон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди.
Натижада суд қарори билан тадбиркор фойдасига 323 миллион сўм қарздорлик ундирилиши белгиланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА