Дунё хабарлари қисқа сатрларда
-
ХАМАС Араб лигасини фавқулодда саммит ўтказишга чақирди
ХАМАС ҳаракати АҚШнинг Ғазо сектори аҳолисини кўчириш ташаббусига қарши туриш учун Араб лигасининг фавқулодда саммитини ўтказишга чақиради, деди ҳаракат матбуот котиби Ҳазим Қосим.

Шунингдек, араб давлатлари Президент Дональд Трамп босимига қаршилик кўрсатиш, кўчишга қарши позицияни эгаллашга чақирилган.
Болсонаро: Президентликка сайлансам, Бразилияни БРИКСдан чиқараман

Бразилиянинг собиқ раҳбари Жаир Болсонаро “Folha de São Paulo” газетасига берган интервьюсида агар Президент бўлса, мамлакатни БРИКСдан чиқариш ниятида эканини таъкидлади.
Болсонаро ушбу режасини Дональд Трамп ва Аргентина Президенти Хавьер Милей Бразилиянинг хориждаги асосий иттифоқчилари ўз мамлакатлари турли халқаро ташкилотлар ва идоралардан чиқишини эълон қилгандан кўп ўтмай билдирди.
– Агар яна сайлансам, БРИКС ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини тарк этамиз, – деган у.
Собиқ етакчи, шунингдек, Бразилия, Парагвай ва Аргентина ўртасидаги уч давлат чегараси ҳудудида терроризмга қарши курашиш мақсадида Қўшма Штатлар билан “кучли ҳарбий келишув”га эришилиши ва минтақада АҚШ ҳарбий базасига рухсат берилишини ҳам айтган.
АҚШ ўз манфаатини кўзлаб хорижий ёрдам кўрсатишда давом этади

Давлат котиби Марко Рубио Доминикана Республикасига сафари чоғида журналистлар билан учрашувда айтишича, АҚШ ташқи ёрдам кўрсатишда давом этади. Қачонки, бу миллий манфаатга хизмат қилса.
Исроил БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидан чиқишини эълон қилди

Женевада Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Даниэль Мерон журналистларга мамлакати БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашини тарк этиши тўғрисида маълум қилди.
– Мен БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши раҳбарига Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саарнинг мактубини тақдим этдим, – деди у. – Мактубда давлатимиз тузилма таркибидан чиқаётгани билдирилган.
Аввалроқ Трамп Қўшма Штатлар ушбу кенгашни тарк этиши ҳақидаги фармонни имзолаган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси матбуот котиби Паскаль Сим “РИА Новости”га айтишича, АҚШ ва Исроил мантиқан Инсон ҳуқуқлари кенгашидан чиқа олмайди, чунки аъзо эмас.
ХВЖ Украинага 900 миллион доллар ажратади

Халқаро валюта жамғармаси жорий кредит дастурини кўриб чиқиб, Украинага 900 миллион доллар ажратмоқчи, деди муассасанинг алоқалар бўйича директори Жули Козак “РИА Новости”га.
– Агар масала муҳокама қилиниб, кенгаш томонидан маъқулланса, Украина 900 миллион долларга яқин маблағ олади, – деган у брифингда.
Германия янги ҳарбий техникани намойиш этди

Германиянинг “Rheinmetall” мудофаа концерни Бундесверга томига “Skyranger30” замбарак тизими ўрнатилган “Boxer” зирҳли машинасини тақдим қилди.
– Техника учувчисиз учиш қурилмаларига қарши курашда ишлатилиши режалаштирилган, ўзи юрар зенит қуролига эга биринчи зирҳли транспорт воситаси бўлади, – дейилган компания матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Таъкидланишича, бундесвер стандартига мувофиқлигини таъминлаш учун текширув ва синовдан ўтказиладиган машина узлуксиз етказиб берила бошлаши 2027-2028 йилларга мўлжалланган.
АҚШ олтин импортини оширди

АҚШнинг ойлик олтин импорти президентлик сайловидан сўнг икки баробар кўпайди ва 2021 йил июндан бери илк бор 2 миллиард доллардан ошди, дея маълум қилган Америка статистикасини ўрганиб чиққан “РИА Новости”.
2024 йил ушбу мамлакат асосан Канада, Мексика, Швейцария, Колумбия ва Австралиядан, жами 2023 йилга нисбатан 6 фоиз кўп, яъни 15,94 миллиард долларлик олтин сотиб олган. Бу миқдор 220,2 тоннага тенг.
Украинанинг ядро қуролига эга бўлиш имкониятига баҳо берилди

Киевнинг ядро қуроллига эга бўлиш имконияти нолга тенг, деди АҚШ Президентининг Украина масаласи бўйича махсус вакили Кейт Келлог “Fox News” телеканалига берган интервьюсида.
– Украинанинг ядро қуролларини қайтариб олиш эҳтимоли жуда паст ва нолга тенг, бу воқеа содир бўлмайди, – деган у.
Сешанба куни Президент Владимир Зеленский британиялик журналист Пирс Моргонга Украинанинг НАТОга қўшилиш жараёни йиллар, ҳатто ўнлаб йиллар давом этиши мумкинлиги, Ғарб хавфсизликни таъминлаш учун Киевни ядро қуроли билан таъминлаши кераклигини айтган эди.
Ҳиндистонда ҳарбий самолёт ҳалокатга учради

Ҳиндистоннинг Мадхя-Прадеш штатида “Mirage2000” самолёти ўқув миссияси чоғида ҳалокатга учради, учувчилар омон қолди, дейилади мамлакат Ҳарбий ҳаво кучлари тарқатган хабарда.
Ҳодиса Шивпури яқинида режали машғулот парвози амалга оширилаётган пайт тизимдаги носозлик туфайли юз бергани айтилмоқда.
Айни чоғ фалокат сабабини аниқлаш учун тергов ўтказиш бўйича кўрсатма берилган.
Франциянинг бир йўла кўп нишонни кўзлай оладиган, тўртинчи авлодга мансуб мазкур қирувчи самолёти ўтган аср 70-йилларида “Dassault Aviation” фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган. Очиқ маълумотларга кўра, Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларида 48 та шундай учоқ бор.
С.Раҳимов, ЎзА