Дунё илм-фани юлдузи Серж Арош Ўзбекистонда илмий учрашув ўтказди
Пойтахтимизда ўтказиладиган “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали доирасида дунё илм-фани юлдузи, физика бўйича Нобель мукофоти совриндори, профессор Серж Арош мамлакатимизга ташриф буюрди.
Дунёнинг энг нуфузли илм-фан масканлари — MIT (Массачусетс технология институти), Гарвард ва Йел университетларида фаолият юритган олимнинг ташрифи ўзбекистонлик ёш тадқиқотчилар учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳозирда профессор Серж Арош қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида бўлиб турибди. Олим Самарқанд давлат университетида 200 нафардан ортиқ ёш олим, докторант ва иқтидорли талабалар билан учрашди.

Самимий ва жонли мулоқот руҳида ўтган тадбирда профессор замонавий технологияларнинг келажаги ва квант оламидаги инқилобий ўзгаришлар, шунингдек, шахсий илмий тажрибаси, кашфиётлар ортидаги машаққат ва муваффақият сирлари ҳақида гапириб берди.

Тадбир якунида Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Серж Арошга Самарқанд давлат университетининг Фахрий профессори унвонини топширди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА