Ўзбекистоннинг SI салоҳияти икки йилда 25 поғонага ошди
Бугунги кунда сунъий интеллект соҳасидаги рақобат давлатларнинг рақамли тараққиётини белгилаб берувчи муҳим омилга айланмоқда. Бу йўналишда изчил сиёсат ва халқаро ҳамкорлик эса натижаларни янада тезлаштирмоқда.
Шу мақсадда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Richard Stirling билан учрашув ўтказди. Oxford Insights — ҳукуматларнинг сунъий интеллектга тайёргарлигини баҳолаш бўйича дунёдаги етакчи ташкилотлардан бири бўлиб, Government AI Readiness Index рейтинги муаллифи ҳисобланади.

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг сунъий интеллект (SI) соҳасидаги ҳамкорлик натижалари муҳокама қилинди. Хусусан, мамлакат Сунъий интеллектга тайёргарлик индексида икки йил ичида 25 поғонага юқорилагани алоҳида қайд этилди.
Томонлар 2024–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик доирасида эришилган асосий натижаларни кўриб чиқди. Жумладан, давлат секторида SI’дан фойдаланиш бўйича қўлланмалар, этик тамойиллар, давлат харидлари, маълумот алмашинуви, GovTech Hub ҳамда тартибга солиш йўналишларида стратегик ҳужжатлар ишлаб чиқилгани таъкидланди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг SI салоҳияти комплекс баҳоланиб, давлат бошқарувида сунъий интеллектни жорий этиш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилгани қайд этилди. Бу эса мамлакатда SI инфратузилмасини ривожлантириш, давлат секторида жорий этиш даражаси ва барқарорлик кўрсаткичларини янада яхшилаш учун мустаҳкам асос яратди.
Учрашувда ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи — эришилган натижаларни амалиётга жорий этиш ва институционаллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу босқичда асосий эътибор SI инфратузилмасини ривожлантириш, давлат секторида технологияларни кенг жорий этиш ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилгани қайд этилди.
Шу билан бирга, Oxford Insights’нинг маҳаллий вакилини жалб этиш орқали давлат органлари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА