“Дўстлик форуми” – янги формат пойдевори
Фарғонада бўлиб ўтган “Марказий Осиё ва Озарбайжон дўстлик форуми”да давлат ва халқларнинг интеграциялашуви масаласида қизиқарли таклифлар айтилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Нодира Жонибекова Марказий Осиё Шарқ ва Ғарбни боғловчи минтақа сифатида ҳуқуқий мақом олиши зарурлигини таъкидлади.
– Конференция доирасида олимлар, ҳуқуқшунослар ва сиёсатшунослар мулоқоти янги форматдаги интеграциянинг "С6" форматини институционналлаштириш, ҳуқуқий механизмларини аниқлаштириш бўйича таклифларни бериши лозим, – деди Нодира Жонибекова. – Глобал миқёсида ўзгарувчан муҳит минтақа хавфсизлигини нафақат сиёсий-ҳарбий жиҳатдан, балки иқтисодий, ижтимоий, экологик, ахборот хавфсизлиги жиҳатидан ҳам баҳолашни тақозо этмоқда. Бу эса минтақа хавфсизлигини таъминлаш учун янги форматдаги минтақавий ёндашувни талаб этмоқда.

Ушбу шароитда Марказий Осиё давлатларининг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Туркий тилли давлатлар ташкилоти каби халқаро форматлардаги ҳамкорлиги ижобий натижаларга олиб келмоқда.
Шубҳасиз, Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларнинг янги формати минтақа ва Жанубий Кавказ ўртасида мустаҳкам кўприк барпо этишга олиб келади ва икки минтақанинг стратегик боғлиқлиги ва барқарорлигини кучайтиради.
Озарбайжоннинг Марказий Осиё билан яқинлашуви нафақат сиёсий, иқтисодий соҳалардаги ўзгаришларга, балки барқарорликни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Хусусан, интеграция жараёни Марказий Осиё давлатларининг глобал бозорларга чиқиши учун барқарор ва хавфсиз Ғарбий йўлакнинг мустаҳкамланишида муҳим аҳамиятга эга.
Шундай экан, “Дўстлик стеласи” билан бошланган уч давлат бирлигидаги янги формат Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари ҳамкорлиги шаклига айланиши лозим.
ЎзА мухбири Муҳаммаджон Обидов ёзиб олди.